“При чём тут Ҳидоятов?” 781 гектар ер машмашасида кимга ишонайлик, вазир Давлетовгами ёки...

Жамият

image

Жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 23-ялпи мажлисида ҳисобот берган Адлия вазири Руслан Давлетов 2021 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятидаги 781 гектар ер майдони вилоят ҳокимлиги қарори билан МЧЖга аукционсиз шундоқ бериб юборилгани ҳақида айтган эди.

Мазкур ҳолат октябрь ойида содир бўлгани, ўша вақтда вилоятда Даврон Ҳидоятов ҳоким лавозимида ишлагани, 2021 йилнинг 18 ноябрь куни Зойир Мирзаев ҳокимликка тайинлангани, вазирнинг ер аукционсиз бериб юборилиши ҳақидаги фикри Зойир Мирзаевнинг раҳбарлик қилиб келаётган давр билан тушунилмаслиги кераклигини ҳисобга олиб, QALAMPIR.UZ’да “Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди” номли хабар эълон қилинди. 

Шундан сўнг, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам расмий муносабат бериб, Адлия вазирлиги келтирган “иддао”ларга зид маълумотларни эълон қилди. 

Адлия вазирлиги Матбуот котиби Севара Ўринбоева томонидан эълон қилинган баёнотда эса болтанинг ўзи қолиб, сопига эътибор қаратилган. Яъни Ўринбоева вилоят ҳокимлигининг 781 гектар Ҳукумат амалдаги қарорларига риоя қилинган ҳолда ажратилгани ҳақидаги расмий муносабатини четга суриб, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола ва ушбу мақолада Даврон Ҳидоятов номи тилга олинганига муносабат билдирган. Ҳолбуки, вилоят ҳокимлиги вазирнинг айтганларини ўз расмий муносабати билан йўққа чиқаришга уринган. Адлия вазирлиги Матбуот котиби муносабатида айнан Тошкент вилоятидаги 781 гектар ернинг МЧЖга танловсиз бериб юборилиши хусусида шундай сўз юритилади: 

“Адлия вазири ўз ахборотида яна бир муҳим масала – ер ажратиш борасида ҳам маълумотларни тақдим этди. 

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ер ажратиш аллақачон аукцион орқали амалга ошириш тизимига ўтилган бўлса-да, барибир тўғридан-тўғри ер ажратишга уринишлар учраб турибди. Бу масала бўйича тушунтиришлар берилди, ер ажратишга оид кўпчилик нарсалар, хусусан регистрация китобларини юритиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан олиб қўйилган. 

Лекин Тошкент вилоятида 2021 йил октябрь ойида 781 гектар ер майдони МЧЖга шундоқ бериб юборилганлига ҳақида маълумот берилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Адлия вазири томонидан юқоридаги Тошкент вилоятида бўлган ер ажратиш бўйича ҳолатлар бирор субъект ёки шахс томонидан содир этилганлиги ёхуд содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласи бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган. 

Фақатгина бу каби ҳолатларни олдини олиш кераклиги, ер ажратишда янада эътиборли бўлиш лозимлиги ва бу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш жоизлиги ҳақида айтиб ўтилган”.

QALAMPIR.UZ шуни такрор ва такрор эслатадики, эълон қилинган “Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди” номли хабарда келтирилган қарорни собиқ ҳоким Даврон Ҳидоятов томонидан қабул қилингани ҳақида умуман сўз бормаган. Фақат Адлия вазирига кўра, ушбу қарор қабул қилиниши 2021 йилнинг октябрь ойига тўғри келгани, ноябрь ойида эса вилоятга янги ҳоким тайинлагани, вазирнинг гаплари вилоятнинг янги ҳокими Зойир Мирзаев ёки у ишлаб келаётган даврга қаратилмаганини изоҳлаш мақсадида, 781 гектар ерни аукционсиз бериш ҳақидаги қарор ҳоким Ҳидоятов даврида қабул қилинганига урғу берилган. Бу ерда шахс эмас, балки у ишлаган давр назарда тутилган. Бунда QALAMPIR.UZ ҳеч бир томонни айбдор қилмаган. Вазирлик Матбуот котиби С.Ўринбоева эса вазир Сенатда айтган гаплар, ҳали суд кўраётган ишнинг муҳокама қилинишига ҳуқуқий асослар бор ёки йўқлигига эътибор қаратиш, далиллар келтириш ва вазир айтган гаплар қанчалик ҳақиқатлигини очиқлаш ўрнига, масаланинг умуман бошқа жиҳатларига эътибор қаратган. 

Биз мазкур масала бўйича ҳамон вазирликдан изоҳ кутяпмиз. Бу 781 гектар ернинг МЧЖлардан бирига берилиши бўйича кимнинг гапига ишониш керак: вазир Давлетовними ёки Тошкент вилояти ҳокимлигини?

При чём тут Ҳидоятов? Ҳидоятовни қўйинг, саволга жавоб беринг. 


Мақола муаллифи

Теглар

Даврон Ҳидоятов

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг