Ҳидоятов давридаги 781 гектар ер машмашаси. Ҳокимлик Адлия вазирининг гапларига зид муносабат берди
Жамият
−
06 Февраль 2022
6360Жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 23-ялпи мажлисида ҳисобот берган Адлия вазири Руслан Давлетов 2021 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятидаги 781 гектар ер майдони вилоят ҳокимлиги қарори билан МЧЖга аукционсиз шундоқ бериб юборилгани ҳақида айтган эди.
Мазкур ҳолат октябрь ойида содир бўлгани, ўша вақтда вилоятда Даврон Ҳидоятов ҳоким лавозимида ишлагани, 2021 йилнинг 18 ноябрь куни Зойир Мирзаев ҳокимликка тайинлангани, вазирнинг ер аукционсиз бериб юборилиши ҳақидаги фикри Зойир Мирзаевнинг раҳбарлик қилиб келаётган давр билан тушунилмаслиги кераклигини ҳисобга олиб, QALAMPIR.UZ’да “Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди” номли хабар эълон қилинди.
Хабар аввалида шундай жумла жумла келтирилган:
“Айни вақтда Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимида ишлаётган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳоким бўлиб ишлаётган даврида масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 781 гектар ер майдони Президент фармонига хилоф тарзда ажратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенатнинг 23-ялпи мажлисида маълум қилди”.
Тошкент вилояти ҳокимлиги 781 гектар масаласини Сенатга олиб чиққан Адлия вазирига эмас, QALAMPIR.UZ’га жавоб йўллаш асносида, ушбу ер Ҳукумат қарорларига бўйсунган ҳолатда ажратилганини айтиб чиқди.
“Qalampir.uz” интернет нашрида “Айни вақтда Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимида ишлаётган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳоким бўлиб ишлаётган даврида масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 781 гектар ер майдони Президент фармонига хилоф тарзда ажратилган” деб бошланувчи ахборот-мақола эълон қилинди”, дейилади хабар аввалида.
Шундан сўнг, ҳокимлик 781 гектар майдонни аукционсиз МЧЖга бериб юборилиши сабабларига ойдинлик киритган. Ундай шундай дейилади:
"Аслида, бу қарорни қабул қилинишида давлат ва жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда қуйидаги асослар ва сабабларни келтириб ўтамиз:
Тошкент вилоят хокимлиги томонидан 2021 йил 7 октябрь куниги 164-10-0-Q/21-сон “Вилоят ҳокимининг 2021 йил 16 сентябрдаги 128-10-0-Q/21-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра МЧЖга Нурафшон шаҳри ҳудудидаги жами 781 гектар ер майдони (Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2021 йилнинг ўзида Нурафшон шахри учун ажратилган ерлардан 50 гектар ер майдонлари йўллар ва бошқа инфратузилмани ташкил қилиш учун фойдаланилган) шаҳарнинг тасдиқланган бош режасига асосан қурилиш ишлари бошлангунга қадар бошоқли дон экинларини экиш учун вақтинча бириктириб берилган.
Ушбу ер майдонлари вақтинча бириктирилишидан максад Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги “2035 йил давригача Нурафшон шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 473-сон қарори билан Нурафшон шаҳрининг 2035 йил давригача бўлган бош режаси асосий қоидалари тасдиқланган бўлиб, унга кўра 3248,2 гектар ер майдони истиқболда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратилганлиги кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан ушбу ер майдонларидан курилиш ишлари амалга оширилгунига қадар бўш турмаслиги ва аҳолини озиқ-овқат хафсизлигини таъминлаш мақсадида амалда бўлган Ер кодекисига асосан қарор қабул қилинган.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилда 6243-ПФ-сонли фармони қабул килиниши муносабати билан, фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига 16.08.2021 йилдаги ЎРҚ-708-сонли Қонунга асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янгитдан қабул қилинган Ер кодексининг 49-моддасига асосан, яъни Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига) ижарага, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига эса доимий эгалик қилиш учун ёки ижарага берилиши тўғрисидаги амалдаги моддаси инобатга олиниб, ушбу 2021 йил 7 октябрдаги 164-10-0-Q/21-сон қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарорига асосан, вилоятда жами 11 013 гектар ер майдонига токзор плантациялари барпо этилиши белгиланган бўлиб, қишлоқ хўжалиги фойдаланишидаги ер майдонларида 2022 йил бошоқли дон экинини жойлаштириш бўйича вилоятда белгиланган кўрсаткичларни таъминлаш учун дон экинларини экиш мақсадга мувофиқ, деб топилган.
Шу ўринда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш (тасарруф этиш, ижара, фойдаланишга бериш, вақтинчалик бириктириш ва ҳоказо) юзасидан маъмурий регламент ишлаб чиқилмаганлиги, ҳудудий адлия органлари томонидан қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиш механизми яратилмаганлигини ҳам назарда тутиш лозим.
Қарор санасига эътибор қилинса, (октябрь ойи) у айни қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, кузги ғалла экиш мавсумига тўғри қилинганини кўриш мумкин. Яъни, экиш мавсуми ўтиб кетса, йил якунига келиб, ер майдонлари экин экиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолиши, бу эса, ўз навбатида, юқорида таъкидланганидек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муаммолар туғилиши ҳисобга олинган ва ер мавсумий фойдаланиш учун бириктириб берилган.
Бир сўз билан айтганда, ўша вақтда ердан самарали фойдаланиш, деҳқонлар таъбирига кўра, ернинг “умри”ни бекор ўтказмаслик, қолаверса, Тошкент вилоятида Ҳукумат томонидан берилган топшириқларни тўлақонли бажариш, вилоят кўрсаткичларини Республика кўрсаткичлари даражасига етказиш учун мана шундай йўл тутилган ва юқоридаги қарор қабул қилинган”.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 23-ялпи мажлисида Адлия вазири Руслан Давлетов шундай деган эди:
“Ўзбекистонда ер ажратиш аллақачон аукцион орқали амалга ошириш тизимига ўтганига қарамай, барибир тўғридан тўғри ер ажратишга ҳаракатлар бўлмоқда”.
Унинг қайд этишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 йилнинг октябрь ойида 781 гектар ерни тўғридан тўғри ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган.
“Жуда катта тушунтирилди, мумкинмас дейилди, ҳаммаси олиб қўйилди, қўлидан регистрация китоблари ҳам олиб қўйилди. 781 гектар ер майдонини бир МЧЖга шундоқ бериб юборяпти. Ҳар хил баҳоналар: бириктириб қўйиш, вақтинча фойдаланиш, бериб туриш.
Биз ҳозир шу қарор бўйича судлашяпмиз, тақдимнома киритдик, бекор қилинмади. Барибир ҳаммасини охирига етказамиз”, деган эди вазир Давлетов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15