Чирчиқ ҳокими янги ишга ўтади
Жамият
−
14 Март
14148Тошкент вилоятидаги Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов бошқа вазифада иш бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Даврон Ҳидоятов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан унинг келгуси фаолиятига омад тилаган.
Даврон Ҳидоятовга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳам топширилган. Ҳокимлик матбуот хизмати Ҳидоятовнинг қайси ишга ўтаётганига аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, Даврон Ҳидоятов 1976 йилда Тошкентда туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2001 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган. 2017-2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018-2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2021 йилнинг январидан ноябригача Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган.
2021 йилнинг ноябрь ойида вилоят ҳокимлигидан олиниб, Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 март куни Ҳидоятов ўз хоҳиши билан ишдан кетиш бўйича ариза ёзгани хабар қилинганди.