“Ўзавтосаноат” раисига янги ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
20 Март
6897“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг икки нафар янги ўринбосари тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотлар компаниянинг расмий веб-сайтида пайдо бўлди.
Александр Александрович Сахапов бошқарув раисининг савдони ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари, Даврон Абдулфаттаҳович Ҳидоятов бошқарув раисининг инвестициялар ва ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Маълумот учун, Александр Сахапов 1982 йилда туғилган. У Тошкент автомобил йўллари институти битирувчиси. Бу лавозимга тайинлангунга қадар у UzAuto Motors компаниясининг савдо ва автосервис бўйича бошқарувчи директори лавозимида ишлаган. 2003 йилдан турли даврларда “Ўзавтосаноат” ва UzAuto Motors компанияларида турли лавозимларда ишлаган. Бундан ташқари, олти йил давомида у машинасозлик масалалари бўйича ишлаган, автомобилсозлик масалалари бўйича бош мутахассис, сўнгра Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил департаментининг Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари ахборот-таҳлил бошқармасининг машинасозлик сектори мудири бўлган.
Даврон Ҳидоятов эса 1976 йилда туғилган, Тошкент давлат политехника университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган.
Бу лавозимга тайинлангунга қадар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган.
Даврон Ҳидоятов йиллар давомида UzTruck ва Bus Motors (ўша пайтда – JV MAN Auto-Uzbekistan) компанияларини бошқарган, шунингдек, UzAuto Motors (ўша пайтда – General Motors Uzbekistan) компаниясининг молиявий масалалар бўйича бошқарувчи директори лавозимида ҳам ишлаган.
Бундан ташқари, у банк соҳасида, жумладан, Москвадаги Asia Invest Bankn’ни бошқаришда тажрибага эга. 2014 йилда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, монополияга барҳам бериш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган. 2017 йилдан бери Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими, кейин Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ва Тошкент вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг март ойида “Ўзавтосаноат”нинг аввалги раҳбари Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Унинг ўрнини эса Ўзбекистоннинг Индонезия ва Вьетнамдаги элчиси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган Улуғбек Розуқулов эгаллади.