Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳридаги муқаддас қадамжоларда бўлди
Жамият
−
07 Апрель 2019
4775Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 апрел куни Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган эди.
Мамлакат Президенти тантанали маросимда иштирок этишдан олдин Термиз шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Султон Саодат (Саййидлар султони) меъморий мажмуасида бўлди.
Xl-XVII асрларда қад ростлаган ушбу мажмуа 20 га яқин мақбарадан иборат. Пештоқ ва гумбазли чорсу хонали салобатли иморатлар ўз даврида юксак дид билан безатилган.
Президент мазкур мажмуани зиёрат қилиб, ўтганлар руҳига қуръон тиловат қилинди. Манбаларда қайд этилишича, сўлим ва сокин бу гўшада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизлари Фотима онамизнинг бешинчи авлод набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз саййидларининг султони бўлган.
Мутахассислар фикрича , Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган.
Вафот этгач, шу ерда дафн этилган. Асрлар давомида ушбу мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам бу ерда маҳобатли мақбаралар қурилган. Эндиликда меъморий обида мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланган.
Улар Пайғамбаримиз авлодларининг хокини зиёрат қилиб, руҳан қувват олади.
Аждодлар томонидан турли асрларда яратилган бўртма равоқлар, сержило нақш ва тўлқинли ганч безаклари асосида юксак дид билан ишланган нафис меъморлик санъатидан баҳраманд бўлади.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, IХ асрда ўзбек халқи тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Термиз саййидлари хонадони шаклланган. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўз келиб чиқиш тарихини шу хонадон билан боғлаши бежиз эмас.
Китобларда давлат бошқаруви ва низомида, жумладан, Соҳибқирон Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида хизмати борлиги таъкидланган.
Соҳибқирон Ҳиндистонга юришлари чоғида ҳамиша Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, меҳмон бўлгани қайд этилган. Яна бир манбада Амир Темур Термиз саййидларига алоҳида ҳурмат рамзи сифатида Султон Саодат мажмуасининг бир қисми ҳисобланган хонақоҳ ҳам бунёд эттиргани, лекин ноёб иншоот ҳозирги давргача сақланиб қолмагани ёзилган.
Давлат раҳбари ушбу қадамжони янада обод қилиш, Имом Бухорий, Зангиота каби зиёратчилар кўп ташриф буюрадиган масканга айлантириш, илмий жиҳатдан ўрганиш юзасидан кўрсатма бердилар.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Ҳаким Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилди.