Президент Сергелида маҳалла фаоллари билан гаплашди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июль куни Сергели туманининг “Иттифоқ” маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси кам харажат билан кўп иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва ҳудудлар қиёфасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. 

Маълум қилинишича, Янги Сергели кўчасида ташкил этилган 24/7 режимида ишлайдиган туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳолига қулай шароит яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари очишга хизмат қилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўмни ташкил этади. Кўчанинг 2,1 километр қисмининг инфратузилмаси тўлиқ яхшиланиб, савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар хизматларни ўз ичига олган куну тун фаолият юритадиган ҳудудга айлантирилган.

Аҳоли дам олиши ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 дан ортиқ болалар майдончаси, 8 та воркаут зонаси, китоб дўкони ҳамда нуронийлар маскани ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, ҳудуд атрофидаги 4 та маҳаллада 21 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Янги Сергели кўчасидан кунига ўртача 15-20 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Билдирилишича, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига 1,2 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. 

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа доирасида 250 дан ортиқ янги иш ўрни очилган. 95 та мавжуд тадбиркорлик субъектининг фаолияти кенгайтирилиб, 22 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган.

Давлат раҳбари маҳалла бўйлаб юриб, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, ободонлаштирилган кўчалар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар билан танишган. Маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан самимий мулоқот қилган.

Қайд этилишича, Президент амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётгани билан қизиққан. Маҳалла фаоллари бу ўзгаришлар аҳоли кайфиятига, турмуш тарзи ва даромадига ижобий таъсир кўрсатаётганини, ҳудуднинг қиёфаси ҳам, одамларнинг эртанги кунга ишончи ҳам ўзгараётганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг