Президент сел талафотлари бўйича сирли рақамларни очиқлади
Жамият
−
11 Май 2022
17982Жорий йилда Ўзбекистоннинг етти ҳудудида содир бўлган йирик селда 9 киши қурбон бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди. Тегишли маълумотларни бугун, 11 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масаласига тўхталиб, очиқлади.
“Жорий йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.
Бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан мутасаддиларга:
• тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш;
• дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлаш;
• хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
LiveБарчаси