Президент Самарқанддаги Биокимё институтини бориб кўрди

Жамият

image

Бугун, 24 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Айтилишича, мазкур университетда ҳозирда 25 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқот институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.

Биокимё институти жорий йилда университетнинг биология ва кимё факультетлари негизида очилган. Бунинг учун кенг кўламли қурилиш қилиниб, еттита янги бино барпо этилган. Жумладан, жами мингдан ортиқ ўринга эга 2 та ўқув биноси, мажлислар зали, оранжерея-иссиқхона, биологик тадқиқотлар лабораторияси – виварий, ботаник тадқиқотлар лабораторияси – гербарий ҳамда талабалар ошхонаси қурилган.

Шу тариқа биология ва кимё йўналишидаги мутахассисларга бир майдонда илмий изланишлар олиб бориш имкони яратилган. 
Шавкат Мирзиёев институтдаги ўқув хоналари, оранжерея, илмий лабораториялардаги шароитлар билан танишган ва профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилган.

Улар Президентга истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини яратиш режаси ҳақида сўзлаб берган.

Президент эса институт олимларини чет элда малака оширишга юбориш, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ғўза, узум, доннинг янги навларини яратиш бўйича кўрсатмалар берган. 

Маълумот учун, бугунги кунда Биокимё институтида 8 та таълим йўналишида 2 минг 800 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, университетнинг 12 та илмий ва 67 та ўқув лабораторияси бор.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилган, у ерда янгидан барпо этилаётган мажмуанинг пардозлаш ишлари намуналарини кўздан кечирган, Оқдарё туманидаги янги капитал таъмирдан чиқарилган 32-умумтаълим мактабини кириб кўрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг