Президент Кўксаройда Паралимпиада иштирокчилари билан учрашди
Спорт
−
13 Сентябрь
3939Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Париждаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз саҳифасида маълум қилди.
“Сиз, азиз спортчилар, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 17-ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришиб, мамлакатимизга мана шундай байрам руҳини олиб келдингиз. Барчангизни оламшумул ютуқ ва натижаларингиз билан ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чин юракдан самимий табриклайман”, дейди Президент.
Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
“Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади. Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди.
Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.
“Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир. Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади. Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга!”, дейди давлат раҳбари.
Давлат раҳбари бу гал озгина омад етишмаган бўлса-да, Ўзбекистон шарафини бор куч-ғайрати билан ҳимоя қилган, қизғин беллашувларда катта тажриба орттирган спортчиларни ҳам самимий табриклаб, келгуси мусобақаларда уларнинг барчасига зафар ёр бўлишини тилади.
LiveБарчаси