Президент коронавирус қурбонлари оиласига таъзия билдирди
Жамият
−
31 Июль 2020
10596Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 23 558 кишидан 137 нафари вафот этган. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида коронавирусдан вафот этган марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.
“Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрилаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, юртдошларимиз орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбимдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилайман, марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан сўраб қоламан”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари кеча мамлакатдаги 400 минг оиланинг 1,7 миллиондан зиёд аъзосига бир марталик ёрдам пули бериш назарда тутилган фармонни имзолади. Ушбу фармонга асосан белгиланган пуллар жорий йилнинг 15 августига қадар етказиб берилади.
Президент улуғ айём кунлари яна пандемия шароитига тўғри келганини ва бу кунларда маҳалладоши, қавми-қариндоши, биродарлари холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётганларни олқишлади. Жумладан у шундай дейди:
“Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.
Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта”.
LiveБарчаси