Президент кеча жазоланган ҳокимга машина совға қилди (видео)
Олам
−
18 Сентябрь 25887 2 дақиқа
Президент Садир Жапаров Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбоевга хизмат автомашинасини совға қилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб “Turmush” хабар берди.
Қайд этилишича, Токторбоев янги автомобилни кеча, 17 сентябрь куни Бишкекка амалий ташрифи чоғида Президентдан олган.
“Президент кеча Бишкекда бўлганида янги машинани ҳокимга тақдим этди. У ерда йиғилишлар, анжуманлар бўлиб ўтди. Машина дастлаб шахсий совға сифатида тақдим этилган бўлса, эндиликда расмий ҳисобланади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Очиқ манбаларга кўра, ҳокимга тақдим этилган расмий автомобиль Хитойда ишлаб чиқарилган, бозор қиймати 17-18 минг доллар бўлган LiXiang 19 моделидир. Ҳозирги курс бўйича бу тахминан 1 миллион 800 минг сомни ташкил қилади.
Маълумот учун, Токторбоев ушбу лавозимга 2025 йил 23 январда тайинланган эди. Жорий йилнинг июль ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев “яхши меҳнати учун” Президент Садир Жапаров номидан шаҳар ҳокими Женишбек Токторбоевга Changan X5 Plus автомобилини совға қилган эди. Бу Хитойда ишлаб чиқарилган кроссовер, биринчи навбатда МДҲ мамлакатларига экспорт қилинадиган X5 Turbo версияси.
Ўшанда Қирғизистонда Changan X5 Plus нархи 11 минг 500 доллардан 13 минг 200 долларгача бўлган. Нарх трим даражасига ва ишлаб чиқарилган йилига боғлиқ. Масалан, 2025 йилда ишлаб чиқарилган 1,5 литрли двигателли Changan X5 Plus’нинг Бишкекдаги ўртача нархи 12 минг долларни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, автомобиль Президент Садир Жапаров Женишбек Токторбоевга “хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани” учун қаттиқ танбеҳ берганининг эртасига совға қилинди. Ҳокимни жазолаш учун фармойишга Президент Садир Жапаров имзо чеккан эди. Унга кўра, мамлакат Конституциясининг 71-моддаси, Президентнинг 2025 йил 4 июндаги 175-сонли “Сиёсий давлат лавозимлари, махсус давлат лавозимлари ва сиёсий муниципал лавозимлар тўғрисида”ги фармонининг 2-қисми 8-бандига мувофиқ, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Меҳнат кодексининг 88-моддаси 1-қисми 3-банди билан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ҳолда ўз зиммасига юкланган вазифаларни тўғри бажармагани учун Женишбек Шермаматович Токторбоевга қаттиқ танбеҳ эълон қилинган.