Президент ишдан олган собиқ ҳоким янги лавозимни эгаллади
Жамият
−
15:56
11615Сайёр қабулда фуқароларга пойгакдан жой берганидан кейин интернетда машҳур бўлган Андижон тумани собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилоят кенгаши хабар берди.
Абдужаббор Ҳусанович Эгамбердиев бугунга қадар Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси вазифасида ишлаб келаётганди.
Маълумот учун, Эгамбердиев Абдужаббор Хусанович 1974 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида давлат солиқ хизматида, Андижон вилояти ҳокимлигида ва 2021-2022 йилларда Андижон тумани ҳокими бўлиб ишлаган. У Президент топшириғига биноан 2022 йилнинг 27 сентябрь куни давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими лавозимидан озод этилганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойида Абдужаббор Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилганди. Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йил 18 январдаги ажрими билан Абдужаббор Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганди.
LiveБарчаси