Андижон тумани собиқ ҳокими оқлангани ростми?
3-саҳифа
−
23 Январь
8885Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев жавобгарликдан озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий суд мазкур хабарлар юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ Абдужаббор Эгамбердиев (1974 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон тумани ҳокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми "а" банди, 207-моддаси 1-қисми ва 229-4–моддаси 2-қисми "а", "б" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми ва 61-моддаси тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Абдужаббор Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йил 18 январдаги ажрими билан Абдужаббор Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
"Бугунги кунда Абдужаббор Эгамбердиев унга суд ҳукми билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари асосий жазосини белгиланган тартибда пробация гуруҳи ҳисобида ўтаб келмоқда.
Бундан кўринадики, Абдужаббор Эгамбердиев оқланмаган ва унинг оқлангани тўғрисида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмайди", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Абдужаббор Эгамбердиев 2016-2021 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари бўлган. 2021-2022 йилларда Андижон туманига ҳокимлик қилган, 2022 йил сентябрида давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими лавозимидан озод этилганди.
LiveБарчаси