Президент ИИО ходимлари ва фахрийларни табриклади

Жамият

−

image

Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Сизларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Ушбу қутлуғ кунда халқимиз осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги садоқатли хизматингиз учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман.

Албатта, юртимизда ўз фарзандини мактабга кузатаётган ота-онанинг хотиржамлиги, маҳаллаларимиздаги осойишта ҳаётни мустаҳкамлашда сизларнинг кундалик фидокорона меҳнатингиз ва ҳиссангиз борлигини барчамиз яхши биламиз”, дейилади табрик хатида.

Ўзбекистон Президентининг қайд этишича, оддий инсонларнинг ИИО ходимларига ишонч билан мурожаат қилиши ва бундан кўнгли таскин топиши – уларнинг хизматига берилган энг юксак баҳо.

Ўтган ўттиз беш йил давомида тизимда катта тажриба тўпланган, жасорат ва садоқат анъаналари шаклланган. Бугунги авлод ходимлари бу анъаналарни замонавий билим ва ёндашувлар асосида бойитиб келмоқда.

Қайд этилишича, жорий йилда маҳаллаларнинг қарийб ярмида жиноят содир этилмагани – ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати самараси. Энди бу тажрибани кенгайтириб, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

“Жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Кибержиноятларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда.

Гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшларимизни бу иллатлар таъсиридан асраш муҳим вазифамиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун замонавий билим ва пухта тайёргарлик зарур. Шу боис, кадрлар тайёрлашда назарияни амалиёт билан боғлаш, дуал таълимни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий мутахассислар тажрибасидан фойдаланишга катта аҳамият бермоқдамиз.

Миллий юксалиш йўлидаги мақсадларимиз ички ишлар органлари олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда. Сизлардан жиноятларнинг олдини олишда ташаббускорлик, хизматда қатъий интизом ва ҳалоллик кутиб қоламан”, дейди Президент.

Ўзбекистон етакчисининг билдиришича, “Ўзингни англа ва ўзгани қадрла” деган тамойилга амал қилган ҳолда фаолият олиб бориш ички ишлар соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу – ходимнинг касбий шаънини асраши, қонунга қатъий риоя этиши ва ҳар бир инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлишини англатади.

“Сизга мурожаат қилган фуқарони диққат билан тинглаш, унинг муаммосини қонуний ҳал этишга кўмаклашиш халқнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Чунки, одамлар бир ходимнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатидан бутун тизим ҳақида хулоса чиқаради.

Бугунги кунда биз илгари сураётган “ЎЗ” ғояси замиридаги юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси сизларнинг хизматингизда ҳам яққол намоён бўлиши керак. Ҳар бир хонадоннинг осойишталигини ўз оилангиз тинчлигидек асраш – “Ўзимнинг Ўзбекистоним” деган ифтихор ҳиссининг амалий ифодасига айланиши лозим.

Бугун тизим равнақига муносиб ҳисса қўшган фахрийларимизга алоҳида эҳтиром билдираман. Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, ўгит ва маслаҳатларингиз ёш ходимлар учун катта мактабдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Президент хизматнинг ташвиш ва масъулиятини улар билан бирга баҳам кўраётган ота-оналар, турмуш ўртоқлар ва фарзандларга ҳам чин дилдан миннатдорлик билдирган. Уларнинг меҳри, сабру қаноати ва қўллаб-қувватлаши ходимларга албатта куч-ғайрат бағишлайди.

“Эл-юрт тинчлигини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган мард ва фидойи ходимларимизнинг хотирасини чуқур ҳурмат билан ёд этамиз. Уларнинг жасоратини унутмаслик, оилалари ва фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиш – бундан буён ҳам барчамизнинг инсоний бурчимиз бўлиб қолади.

Сизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака, масъулиятли хизматингизда муваффақиятлар тилайман.

Эл-юрт осойишталиги йўлидаги хизматингизнинг қадри доимо баланд бўлсин!” дейди Президент.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг