Президент Администрациясида тайинловлар амалга оширилди
Жамият
−
30 Октябрь 2023
16691Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида бир қанча тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, Асилбек Анварович Худоёров Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари, Гаянэ Олеговна Умерова эса Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган.
Бундан ташқари, Азимов Жобир Одилович Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига ўтган.
Маълумот учун, Жобир Азимов прокуратура тизимида ишлаган. У Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари, Тошкент шаҳри Учтепа тумани прокурори лавозимларида ишлаган.
Гаянэ Умерова эса 2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси Бош котиби лавозимида ишлаб келган.
Президентнинг тегишли қарори билан у жорий йилнинг июнь ойида UNESCO бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг раиси, июль ойида эса Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси лавозимига тайинланган.
Асилбек Худоёров эса Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Президент Администрациясининг янги таркиби тасдиқланганди.
LiveБарчаси