Президент ҳозирдан АЭСда ишлайдиганларни тайёрлашга топшириқ берди
Жамият
−
10 Февраль 6584 3 дақиқа
Президент бўлажак АЭС станцияси ва тизимида ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 февраль куни ўтказган атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилишда сўз очди.
Қайд этилишича, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш учун мамлакатимизда энергетиканинг барча манбалари ишга солинмоқда. Анъанавий генерациядан ташқари, сўнгги йилларда қарийб 4 гигаваттли муқобил қувватлар ишга туширилди ва “яшил” энергия улуши 16 фоизга етган.
Келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилади. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, юртимизда жами генерацияда “яшил энергия” улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Айни пайтда рақамли технологиялар, электромобиллар, электр жиҳозлар, сунъий интеллект, майнинг каби тармоқларнинг ривожланиши энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар янги турдаги энергия қувватларига ўтиш йўлларини излаяпти. Ер қаъридан қазиб олинадиган ёқилғилар ўз ўрнини қайта тикланувчи манбаларга бўшатиб беряпти. Бугунга келиб, дунёдаги жами генерациянинг 42 фоизи муқобил энергия.
Билдирилишича, узоқ йиллик қувватларни барпо этишда атом энергетикаси мақбул ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда 375 гигаваттли 417 та атом реакторлари ишлатилмоқда. Яна янги станциялар қуриляпти, кўп давлатлар атом энергетикасини ўзининг ривожланиш стратегиясига киритяпти.
“Мамлакатимизда уран захираси борлигидан фойдаланиб, узоқ муддатга мўлжалланган қувват ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик қувватли реакторлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2024 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди” дейилади хабарда.
Йиғилишда мутасаддилар атом энергетикасини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича ахборот берди. Давлат раҳбари бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берган. Бундай технологиялар иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, узоқ муддатли ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси” давлат корхонаси ва “Атомстроекспорт” АЖ (АСЭ АЖ, “Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими) ўртасида бўлажак кам қувватли атом электр станцияси қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида протокол имзоланганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь