Пойтахтда блэкаут: 4 та туманда “свет” ўчиб қолди
Жамият
−
28 июн 3230 2 дақиқа
Бугун, 28 июнь куни подстанциядаги носозлик сабаб Тошкент шаҳрининг 4 та туманида электр энергияси узилиб қолди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар магистраль электр тармоқлари корхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, соат 20:45 да Тошкент шаҳрида жойлашган “Юксак” подстанциясидан келувчи Л-Ў-Ю 110 кВ 1 ва 2 электр узатиш тармоқлари ҳимоя тизими ишлаши оқибатида фавқулодда ўчган.
Оқибатда “Юртим” ҳамда “Бунёдкор” подстанциялари тўлиқ кучланишсиз қолган ва ушбу подстанциялар орқали электр энергияси билан таъминланаётган истеъмолчиларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Хусусан, пойтахтнинг Миробод, Яккасарой, Чилонзор ва Учтепа туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар бўлмоқда.
“Айни пайтда махсус бригадалар томонидан носозлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Истеъмолчиларни имкон қадар захира манбалар орқали электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
Электр энергияси ўчиб қолиши оқибатида Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида жойлашган “ Dream Парк” номидаги истироҳат боғидаги аттракционларда фуқаролар қолиб кетган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, қутқарув бўлинмалари зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган ва ҳозирда барча фуқароларни чархпалакдан хавфсиз олиб тушиш ишларини олиб бормоқда.
Билдирилишича, вазият Тошкент шаҳар ФВББ томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент шаҳрининг 5 туманидаги айрим ҳудудларда электр таъминотида узилишлар содир бўлганди.
Live
Барчаси