Пойтахтда 1 млрд долларлик икки қаватли пуллик ҳалқа йўли қурилади
Жамият
−
10:00 1759 2 дақиқа
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хитойнинг China Railway Construction компанияси билан узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли пуллик ҳалқа автомобиль йўлини қуриш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига тақдим этган ҳисоботида маълум қилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, мазкур битим пойтахт атрофида узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли пуллик ҳалқа автомобиль йўлини барпо этишни назарда тутади. Лойиҳа қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган.
Ҳужжатда келтирилишича, Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Хитойнинг бир қатор компаниялари билан келишувлар имзоланган. Хусусан:
- China Construction компанияси билан 500 миллион долларлик лойиҳа доирасида 3 та йўл ўтказгич ва 4 та кемпинг масканини барпо этиш, шунингдек, 27 километр автомобиль йўлини капитал таъмирлаш;
- SINO-Hunan компанияси билан 1 миллиард долларлик лойиҳа доирасида 7 та туннел, 5 та йўл ўтказгич, 16 та кўчада 57 километр BRT йўлаклари ҳамда 279 километр автомобиль йўлини қуриш;
- China Railway Construction компанияси билан 1 миллиард долларлик лойиҳа доирасида узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли Тошкент ҳалқа пуллик автомобиль йўлини барпо этиш;
- Shanghai Construction компанияси билан 100 миллион долларлик лойиҳа доирасида битта кемпинг марказини қуриш ва 7,7 километр автомобиль йўлини таъмирлаш;
- Xinjiang Hui’er Agricultural компанияси билан йўлбўйи ҳудудларини ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштириш бўйича келишувларга эришилган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида Интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш бўйича Германия мутахассислари иштирокида техник топшириқ ишлаб чиқилган. Мазкур тизимни яратиш юзасидан адаптив светофорлар ва сунъий интеллект асосидаги транспорт бошқаруви бўйича тажрибага эга 12 та халқаро компания билан музокаралар олиб борилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг транспорт мастер-режаси ва макромоделини ишлаб чиқиш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Россия, Швеция ҳамда Франциянинг 90 дан ортиқ компанияси иштирокида халқаро танлов ўтказилган. Танлов якунларига кўра, ғолиб деб топилган Step City компаниясига 2026 йил сентябрь ойи якунига қадар пойтахтнинг транспорт мастер-режаси ва макромоделини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги, қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали замонавий автомагистрал йўл қурилишини бошлаб берганди.
Live
Барчаси