Польша фуқароларини дарҳол Беларусни тарк этишга чақирди
Олам
−
06 Сентябрь 2025 6313 2 дақиқа
Польша ҳукумати барча фуқароларига дарҳол Беларусни тарк этишни ва у ерга саёҳат қилмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда кеча, 5 сентябрь куни Польша Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Павел Вронский брифинг арафасида маълум қилди.
Дастлаб, Вронский Беларусь ҳукумати томонидан қўлга олинган Польша фуқароси ҳақидаги вазиятни изоҳлаган. Ушбу фуқаро “Ғарб-2025” Россия-Беларусь қўшма ҳарбий машғулотлари пайтида жосусликда айбланиб қўлга олинган.
“Бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз Беларусь ҳудудига саёҳат қилишни қатъиян тавсия этмайди. Польша фуқаролари у ерда ўзлари учун ноқулай бўлган воқеаларга дуч келиши эҳтимолдан холи эмас. Бу демократик давлат эмас, шунингдек, Польша Республикасига дўстона мамлакат ҳам эмас”, деган Вронский.
Қайд этиш жоиз, 4 сентябрь куни “Беларусь 1” телеканали мамлакатда Польша фуқароси, 27 ёшли Гжегож Гавел қўлга олингани ҳақида хабар берди. У Беларусь-Россия қўшма ҳарбий машғулотлари “Ғарб-2025”га оид махфий маълумотларни олишда гумон қилинган. Унинг ёнидан махфий тамға қўйилган ҳужжатларнинг нусхалари топилган. Терговчиларга кўра, у бу ҳужжатларни Беларусь фуқаросидан мунтазам пул тўлови эвазига олиб, кейинчалик Польша махсус хизматларига етказган.
Унга нисбатан Беларусь Жиноят кодексининг 358-моддаси (жосуслик) бўйича иш қўзғатилган. Агар айби исботланса, унга 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Воқеа ортидан Польша Бош вазири Дональд Туск Минскнинг “провокациялари” давом этса, Беларусга нисбатан жавоб чораларини кўришини маълум қилган. Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги эса Польшага расмий норозилик билдирган.
Маълумот учун, Россия ва Беларуснинг “Ғарб-2025” қўшма стратегик машғулотлари 2025 йилнинг 12–16 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин мамлакат Польшанинг катта ҳарбий гуруҳ тузиш истагидан ташвишга тушганини билдирганди. Унга кўра, НАТО “Ғарб-2025” қўшма машғулотларини баҳона қилиб, ўз ўқув машқларини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Live
Барчаси