Беларусь Польшанинг ҳарбий гуруҳ тузишидан хавотирга тушди
Олам
−
13 Август 4112 2 дақиқа
Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин мамлакат Польшанинг катта ҳарбий гуруҳ тузиш истагидан ташвишга тушганини билдирди. Бу ҳақда у БелТА нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унга кўра, НАТО “Ғарб-2025” қўшма машғулотларини баҳона қилиб, ўз ўқув машқларини ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Польша 30–34 минг ҳарбийдан иборат гуруҳ тузишга қарор қилган.
“Энг кўп хавотирга солган қарор – Польша ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг нияти. Улар 30–34 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчидан иборат гуруҳ тузмоқчи. Бу бизнинг баҳомизга кўра, аллақачон жиддий куч ҳисобланади. Буни диққат билан кузатиш ва жавоб чораларини кўриш керак”, деган Мудофаа вазири.
Хрениннинг сўзларига кўра, НАТО мамлакатлари раҳбарияти Россия ва Беларуснинг “Ғарб-2025” қўшма машғулотларини ўз ўқув машқларини ўтказиш учун баҳона сифатида ишлатишга уринмоқда.
“Агар улар қандайдир тажовуз кўрсатса, бизда жавоб беришга имкониятлар бор”, деган Хренин.
Маълумот учун, Россия ва Беларусь Қуролли кучларининг “Ғарб-2025” номли қўшма стратегик ўқув машғулотлари жорий йилнинг 12–16 сентябрь кунлари ўтказилади. Машғулотларнинг айрим босқичларига бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, МДҲ ва ШҲТга таклифномалар юборилган.
Бу машғулотлар Россия ва Беларусь армияларининг бу йилдаги асосий тайёргарлик босқичи ҳисобланади. Улар икки йилда бир марта, навбатма-навбат икки мамлакат ҳудудида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россия билан мумкин бўлган урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мудофаасини кучайтираётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси