Покистонда Хитой автомобиллари портлатиб юборилди
Олам
−
07 Октябрь
8144Покистоннинг Карачи шаҳридаги аэропорт яқинида Хитой томонидан молиялаштирилган “Port Qasim Electric Power” энергетика компаниясининг автомобиллар карвони портлатилди. Бу ҳақда Хитойнинг Покистондаги элчихонаси хабар берди.
Хабарга кўра, кеча, 6 октябрь куни маҳаллий вақт билан 23:00 да Хитой томонидан молиялаштирилган “Port Qasim Electric Power” энергетика компаниясининг автомобиллар карвони портлатилган. Автомобиллардаги хитойлик муҳандислар ва инвесторларнинг 2 нафари ҳалок бўлган. Портлаш аэропортдан чиққан йўлда содир бўлган. Дипломатик миссия бу ҳодисани террорчилик ҳужуми сифатида баҳолаб, бундай ҳаракатларни қоралаган. Покистон томони маълумотларига кўра, жами 10 киши, жумладан Покистон фуқаролари ҳам жароҳатланган.
“Хитой элчихонаси ва бош консулхонаси дарҳол Покистон томонига ҳужумни тергов қилиш, айбдорларни қаттиқ жазолаш ва Покистондаги Хитой фуқаролари, муассасалари ва лойиҳаларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришни сўради", дейилади Хитой элчихонаси баёнотида.
Қайд этилишича, ушбу воқеа учун жавобгарликни Покистондан ажралиб чиқишни мақсад қилган “Балужистон озодлик армияси” исёнчи гуруҳи ўз зиммасига олган.
Маълумот учун, балужийлар – Покистон, Эрон ва Афғонистон чегараларида яшовчи халқ бўлиб, Покистоннинг Балужистон провинциясида яшовчи аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Балужистон озодлик армияси” гуруҳининг радикаллари томонидан уюштирилган иккита ҳужумда камида 31 киши ўлдирилган эди.