Покистон Президенти парламентни тарқатиб юборди
Олам
−
10 Август 2023
4130Кеча, 9 август куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакат Президенти Ориф Алвига Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси)ни тарқатиб юборишни тасдиқлаш учун петиция юборганди. Президент Шаҳбоз Шарифнинг билдиришномасини маъқуллади ва Миллий ассамблея тарқатиб юборилди. Бу ҳақда “Geo News” хабар бермоқда.
Президент Ориф Алви конституциянинг 58-1-моддасига мувофиқ, Бош вазир маслаҳати билан Миллий ассамблеяни тарқатиб юборган. Бу билан Шаҳбоз Шариф ҳукумати ваколатлари ҳам тугатилган.
Эндиликда мамлакатда Вазирлар маҳкамаси ўрнида муваққат ҳукумат тузилади ва бош вазир номзоди аниқланади.
Шунинг боис Шаҳбоз Шариф Миллий Ассамблеядаги мухолифат етакчиси Ража Риаз билан биргаликда республикани вақтинча ким бошқаришини ҳал қилиши керак. Агар улар уч кун ичида номзод бўйича бир қарорга келишмаса, бу вазифани парламентнинг махсус қўмитаси ҳал этади. Унинг таркибига тенг миқдордаги ҳукмрон ва мухолифат вакиллари киради.
Парламент қўмитасига ҳам консенсусга эришиш учун уч кун вақт берилади. Агар сиёсатчилар ҳам бу борада келиша олмаса, якуний танловни Покистон сайлов комиссияси ҳал қилади.
Маълумот учун, Покистондаги парламент қуйи палатаси аъзолари беш йил муддатга сайланади. Покистон Конституциясига кўра, умумий сайловлар қуйи палата одатдагидек тарқатиб юборилганидан кейин 60 кун ичида, муддатидан олдин тарқатиб юборилган тақдирда эса 90 кун ичида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 3 апрель куни ҳам Покистон Президенти Ориф Алви парламент қуйи палатасини тарқатиб юборганди. Ўша пайтда парламентдаги мухолифат собиқ бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотумини ўтказишга уринган. Сўнг Имрон Хон Президентга қонун чиқарувчи органни тарқатиб юборишни таклиф қилган. Ориф Алви бу таклифни қабул қилган.
LiveБарчаси