Покистон илк бор Арманистонни тан олди (видео)

Олам

image

Покистон расмий равишда илк бор Арманистонни тан олди ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Бу ҳақдаги қўшма ҳужжат кеча, 31 август куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ва Покистон Бош вазирининг ўринбосари ҳамда Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар томонидан имзоланди. 

Арманистон ТИВ маълумотига кўра, ҳужжатда томонлар БМТ низоми тамойилларига амал қилган ҳолда суверенитет ва ҳудудий яхлитликка ҳурмат, тажовуздан тийилиш, ички ишларга аралашмаслик, тенглик ва тинч ҳамкорлик асосида муносабатларни ривожлантиришга келишган.

Учрашувда Мирзоян Жанубий Кавказда тинчлик ўрнатишга қаратилган Арманистон саъй-ҳаракатларини тақдим этиб, Арманистон билан Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатилганини қайд этган. Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар бу муносабат билан Мирзоянни самимий табриклаган.

Шу кунга қадар Покистон Арманистонни давлат сифатида тан олмаган ва изчил равишда Озарбайжонни қўллаб келган эди. Шу боис, имзоланган келишув икки мамлакат тарихида муҳим бурилиш бўлди.

Маълумот учун, Арманистон ва Покистон ўртасида узоқ йиллар давомида дипломатик алоқалар умуман мавжуд эмас эди. 1991 йилда Арманистон Совет Иттифоқидан мустақил бўлгач, кўплаб мамлакатлар уни тан олди, аммо Покистон бу қарорни қабул қилмади. Бунинг асосий сабаби эса Қорабоғ можароси эди. Покистон ўша пайтдан бошлаб Озарбайжоннинг яқин иттифоқчиси сифатида ҳар доим унинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келган. Айниқса, Қорабоғ устидаги уруш ва кейинчалик юзага келган можароларда Покистон Арманистонни “босқинчи” сифатида кўрди ва шу сабабли дипломатик алоқаларни ўрнатмади.

Покистон нафақат Арманистонни тан олмади, балки турли халқаро майдонларда, жумладан БМТ резолюцияларида ҳам Озарбайжонни қўллаб келди. Шунингдек, у Туркия ва Озарбайжон билан уч томонлама яқин ҳамкорликни давом эттириб, Арманистонга қарши сиёсий позицияда турди. Шу боис Арманистон ҳам Покистон билан расмий алоқа ўрнатмади ва икки давлат ўртасидаги масофа ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 август куни Вашингтонда АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Дональд Трамп, Никол Пашинян ва Илҳом Алиевнинг учрашуви бўлиб ўтган ва унда тинчлик битими келишилганди. Кейинчалик, Алиев “Al Arabiya” нашрига берган интервьюсида Арманистон конституциясига ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, тинчлик шартномаси имзоланишини билдирганди, аммо Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Арманистон Озарбайжон билан келишувлар доирасида Конституцияни ўзгартириш мажбуриятини олмаганини эслатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Покистон Арманистон Муҳаммад Исҳоқ Дар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг