Алиев Арманистон билан тинчлик битими қачон имзоланишини айтди
Олам
−
27 Август 2880 2 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик шартномаси қачон имзоланишини айтди. Бу ҳақда у “Al Arabia”га берган интервьюсида сўз очди.
“Расмий равишда тинчлик шартномаси биргина аниқ сабаб туфайли имзоланмади: Арманистон Конституциясида ҳанузгача Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўядиган банд мавжуд. Биз тушунганимиздек, улар тузатиш киритишади. Конституцион тузатиш киритилиши билан – Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволар олиб ташланиши биланоқ расмий тинчлик шартномаси имзоланади”, дейди Алиев.
Шу билан бирга, у Озарбайжон ва Арманистон томонидан Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирокида ушбу ҳужжатнинг парафланиши “30 йилдан ортиқ давом этган урушга нуқта қўйилганини англатиши”ни қўшимча қилган.
Алиевга кўра, Арманистон Конституцияси муқаддимасида Қарабоғ ҳудудига нисбатан даъволар мавжуд. Кеча, 26 август куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам Баку Арманистон Конституциясидан барча ҳудудий даъволарни тўлиқ бартараф этиш мақсадида ўзгартиришлар киритилишини кутаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай ўзгаришлар икки мамлакат ўртасида якуний тинчлик шартномаси тузилиши учун асосий шарт ҳисобланади.
Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида бўлса-да, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди.
1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбайжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбайжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбайжонга топширди.
2023 йил сентябрда Озарбайжон “антитеррор операцияси” орқали бутун Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди. Ҳозирда ёмонлашувнинг асосий сабаблари чегара масалаларининг ҳал қилинмагани, йиллар давомида уруш ва миллий адоват туфайли ўзаро ишончсизликнинг юқорилиги, Зангезур коридори бўйича келишмовчиликлар ва геосиёсий омиллардир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирокида Вашингтонда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги декларацияни имзолагани хабар қилинганди.
Live
Барчаси