Покистон Афғонистон пойтахтига зарба берди (видео)
Олам
−
15 Октябрь 11308 2 дақиқа
Бугун, 15 октябрь куни Покистон Афғонистон пойтахти Қобулга ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Amaj News” хабар берди.
“Бироз аввал Покистон ҳарбий самолётлари Қобул шаҳрининг Тайманий туманини бомбардимон қилган. “Толибон” ҳозирча бу борада сукут сақламоқда”, дейилади хабарда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашлар Афғонистон пойтахтининг Хайрхана Котал туманида ҳам содир бўлган.
Маълумот учун, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги 2 400 км узунликдаги чегара 1893 йилда чизилган бўлиб, ҳали ҳам баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Вазият кескинлашгани ортидан Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон икки томонни тинчликка ва сабр-тоқатга чақирган.
Покистон ядро қуролига эга давлат ҳисобланади. Турли манбаларга кўра, унинг арсенали 60 дан 170 тагача ядро каллакларини ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон армияси чегарадаги блокпостларга уюштирилган ҳужумга жавобан Афғонистон ҳудудида жойлашган “террорчи гуруҳлар”га зарба берган эди.
Жорий йилнинг 11 октябрь куни эса Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида ҳам отишма юз берган, шундан сўнг Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари Покистоннинг Лаҳор шаҳрига зарба берган. “Толибон” расмийлари бу операция тафсилотларини ошкор этмаган. Афғонистоннинг “TOLO News” телеканали эса тўқнашувлар чоғида камида 58 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини билдирган. Покистон томони эса камида 200 нафар жангарини йўқ қилинганини, Афғонистон ҳудудидаги 19 та террористик объект ва Афғонистон танк батальони штабига зарба берилганини маълум қилган.
Live
Барчаси