Пиво ичган аёлларда “пиво мўйлаби” пайдо бўлади – Мақсуда Ворисова
Саломатлик
−
16 Декабрь 2021
30701Пиво истеъмол қилиш аёлларда тестостерон гормони миқдорининг ошиши, лаб устида мўйлар ўсиб “пиво мўйлаби” пайдо бўлишига, шунингдек бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда сўнгги Президент сайловида Халқ демократик партиясидан номзод – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсудова Ворисованинг Парламент қуйи палатаси сайтида эълон қилинган мақоласида сўз боради.
Асли касби шифокор бўлган Ворисованинг ёзишича, “Аксарият касалликларнинг олдини олишда инсоннинг кечираётган турмуш тарзи катта аҳамиятга эга”.
Унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига таяниб қайд этишича, ўлимга олиб келувчи сабаб сифатида спиртли ичимликлар дунёда ўсма ва юрак қон томир касалликларидан кейин учинчи ўринда туради. Унинг оқибатида инсон умри 15-20 ёшга қисқаради. Академик Павлов оз миқдорда спиртли ичимлик ичиш натижасида бузилган рефлекслар 7-11 кундан кейин ўзига келишини аниқлаган.
“Шунингдек, Испания, Германия ва Италия олимлари “JAMA Psychiatry” журналида алкоголнинг мияга таъсирини замонавий технологиялар билан аниқлаб мақола чоп этишган. Унда спиртли ичимлик ичиш тўхтатилгандан кейин яна 6 ҳафта (бир ярим ой) давомида мияга кучли зиёни тегиб туриши аниқланган.
Тадқиқотлар натижасида алкоголнинг энг оз миқдори ҳам инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши исботланган. Аммо аҳоли ўртасида кам фоизли спиртли ичимликлар инсонга зарар қилмаслиги, баъзан эса фойда бериши ҳақида фикрлар мавжуд. Шу ўринда энг зарарсиз деб ҳисобланган пиво ичимлигининг зарари ҳақида баъзи фактларни келтирмоқчимиз.
Бу ичимлик ҳақида турли қарашлар мавжуд, уларнинг баъзилари афсона бўлса, баъзиларида ҳақиқат бор”, деб ёзади Ворисова.
Ворисова келтирган фактларга кўра:
• Пиво семитиради. Агар бошқа маҳсулотлар ҳам меъёрдан ортиқча истеъмол қилинса, худди шундай семириш мумкин.
• Пиво истеъмолидан қорин катталашади. Бу ҳақиқатлардан бири бўлиб, пиво таркибидаги фитогормонлар таъсирида ортиқча калориялар қорин соҳасида тўплана бошлайди.
• Пиво бошқа спиртли ичимликларга нисбатан хавфсиз. Тўғри, пиво таркибида спирт нисбатан кам. Лекин унинг кўп истеъмол қилиниши натижасида организмга кирадиган спирт миқдори меъёрдан анча ошади.
• Алкоголсиз пиво безарар. Амалда бу фикр ҳақиқат эмас. Чунки унинг таркибида ҳам оз миқдорда бўлса-да спирт бор. Шунинг учун уни доимий истеъмол қилиш пиво алкоголизмига сабаб бўлади. Оддий пивога нисбатан бундай пиво таркибидаги “кобалть” миқдорининг кўпроқ бўлиши эса юрак- қон томир тизими фаолияти бузилишига олиб келади.
• Кўпинча, пиво чанқоқбосди ичимлик сифатида тарғиб қилинади. Аслида пиводаги пешоб ҳайдаш хусусияти танадаги суюқликни камайтириш оқибатида чанқоқ кучаяди ва янада кўпроқ пиво истеъмол қилинишига сабаб бўлади.
Ушбу ичимликни ўртача миқдорда бўлса ҳам ҳар куни истеъмол қилиш пиво алкоголизми шаклланишига сабаб бўлади. Бу эса организмда қуйидаги салбий асоратларга олиб келади:
• ички аъзоларнинг катталашуви ва фаолияти бузилиши;
• қон босими кўтарилиши;
• зеҳн ва хотира сусайиши;
• асабийлик;
• бош мия ҳужайраларининг ўлими;
• гепатит, жигар циррози ва б.қ.
Ворисова мақоланинг сўнгида асосий масалага урғу берган. Унинг урғулашича, пиво аёлни эркакка, эркакни аёлга “айлантиради”.
“Пиво аёл ва эркак организмининг гормонал ҳолатига кучли таъсир кўрсатади. Кўпикли ичимлик иштаҳани очгани сабабли истеъмол қилинадиган озиқ-овқат миқдори ошиб боради. Натижада семизлик юзага келади. Пиво таркибидаги ачитқилар моддалар алмашувига салбий таъсир кўрсатиши натижасида мускуллар кучсизланади. Ичимлик таркибидаги ксантогумол эркаклик гормони – тестостерон ишлаб чиқаришни пасайтириб, уни аёллик гормони бўлмиш эстерогенга алмаштиради. Шуниси қизиқки аёлларга таъсир аксинча бўлиб, уларда тестостерон миқдори ошади, лаб устида мўйлар ўсиб “пиво мўйлаби” пайдо бўлади, пуштсизлик юзага келиши мумкин”, деб ёзади Ворисова.
LiveБарчаси