Расман: Мақсуда Ворисова президентликка номзод бўлди
Жамият
−
06 Сентябрь 2021
7364Бугун, 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XII қурултойи бўлиб ўтди.
Унда партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.
Қурултой кун тартибида “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.
Партия Марказий Кенгашининг 7 август куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Азизовна Ворисова номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Қурултойда Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Мақсуда Азизовна Ворисовани номзод сифатида кўрсатиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастури муҳокама қилинди.
Дастур лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишдир.
Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан:
• аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;
• ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;
• олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
• аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш;
• ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;
• пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимни шакллантириш;
• кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш;
• ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
• умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш.
Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг Сайловолди дастури тасдиқланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь