Конституцияда барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга – Депутат ОТМга киришдаги имтиёзларни қоралади
Жамият
−
19 Июнь 2020
8408Ўзбекистон Конституциясига кўра барча фуқаролар тенг ҳуқуқли бўлиб, ота-онасининг иш жойи ёки айрим ютуқлар сабаб баъзи фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берилишига йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова шундай фикр билдирди.
“Юртимизда миллионлаб ёш йигит-қизлар кўнглида бир олам орзу билан олий таълим муассасасига ўқишга киришни истайди. Бу йил қандай янгилик бўлар экан, қабул ўринлари кўпаярмикан, деган саволларга жавоб топиш илинжида интизор бўлади. Уларнинг аксарияти ўқишга кира олмаса, келажаги, тақдири қандай давом этишини билмай, чуқур хавотирга тушади.
Кечагина оммавий ахборот воситалари орқали олий ўқув юртларига қабул ҳақида батафсил ахборот берилди. Ҳар тугул қабул ўринлари ўтган йилгига нисбатан ошгани кўплаб ёшларни қувонтирди. Лекин, менимча, ўқишга киришда имтиёзлар берилиши тўғрисидаги янгиликлар чин дилдан ўқиб, тайёргарлик кўриб юрган ёшларимизни ўйлантириб қўйди, ҳатто қалбини оғритди. Уларнинг ўйлари, оғриқларини тушунишимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканликлари белгиланган. Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас.
Нима учундир мактабни аъло баҳоларга битириб, олтин медал соҳиби бўлган абитуриентга ҳеч қандай имтиёз йўқ, лекин республика фан олимпиадалари ғолибларига имтиёз белгиланган. Ёки бўлмасам, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаларига белгиланган имтиёз. Агар шу танловда олий таълимга имтиҳонсиз кириш имтиёзи бекор қилинса, танловда қатнашувчи қизлар таркиби қандай ўзгарар экан?..
Мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин. Шундоғам бу тизимлардаги ходимлар катта имтиёзларга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига тўғри келади?.. Айтайлик, оддий деҳқон ёки боғбоннинг ўқишни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайдиган қора кўз фарзанди кимларгадир имтиёз берилгани учунгина “йиқилса”, жамият, сиз билан биз унга адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Бундай фарзандларнинг қалби синмайдими? Дили оғримайдими?..
Менимча, ҳарбий хизматни намунали ўтаганлик учун тавсия асосидаги имтиёзни ҳам фақат ҳарбий соҳадаги таълимни давом эттиришга татбиқ этиш лозим. Чунки ана шундай имтиёз эгалари ҳисобига ҳақиқий билим ва қобилиятга эга, энг муҳими, ўзи танлаган соҳа бўйича йиллаб тайёргарлик кўрган йигит-қизлар олий таълимда ўқиш бахтидан бенасиб бўлиб қолмоқдалар.
Фикримча, қаерда ўринсиз имтиёз яратилса, ўша жойда коррупция, деган балога кенг эшик очилади. Шунинг учун ҳам узоқ ҳаёт йўлининг бошида турган фарзандларимизни коррупция оғуси билан суғормайлик, бошқаларини эса адолатсизлик билан ҳаётдан норози қилмайлик”, дейди Ворисова.
Маълумот учун, 2020/21 ўқув йили учун ОТМларга қабулда 8694 та имтиёзли грант квотаси ажратилди. Имтиёзли квоталар 7 хил тоифадаги абитуриентларга берилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар, Ҳарбий қўмондонлик тавсияномисига эга шахслар, ижтимоий кам таъминланган тоифадаги хотин-қизлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун, Сўх туманида яшовчи битирувчилар, Қуролли кучлар таркибига кирувчи идоралар ходимларининг фарзандлари учун имтиёзлар бор.
LiveБарчаси