Песков Россия қачон ядро қуролини ишлатишини айтди
Олам
−
23 Март 2022
37948Россия ядро қуролидан фақат мамлакат мавжудлигига реал таҳдид юзага келган тақдирдагина фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бизда миллий хавфсизлик концепцияси бор, уни очиқ маълумотлардан топиш мумкин, ядро қуролидан фойдаланиш мумкин бўлган барча сабабларни ундан ўқишингиз мумкин. Яъни, агар мамлакат мавжудлигига таҳдид пайдо бўлса, у ҳолда (ядро қуроли – таҳр.) бизнинг концепциямизга мувофиқ ишлатилиши мумкин”, деган у CNN телеканали эфирида.
Кремль матбуот котибининг таъкидлашича, матнда бошқа сабаблар кўрсатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари Украинага кириши ортидан Россия Президенти Владимир Путин стратегик кучларни, жумладан ядровий қуролларни шай ҳолга келтиришни буюрганди.
Январь ойи бошида Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция ядро урушининг олдини олиш ва қуролланиш пойгасига йўл қўймаслик бўйича баёнот берганди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳужжат Россия ташаббуси билан тайёрланганини таъкидлаган.