Педофилларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди. Тожикистонда!
Олам
−
30 Ноябрь 2023
4413Тожикистон парламенти мамлакат Жиноят кодексига киритилаётган вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун жазони кучайтиришга қаратилган ўзгартиришларни маъқуллади. Тегишли тузатишларга оид қонун давлат раҳбари Имомали Раҳмон томонидан имзоланди.
Ўзгартиришлар мамлакат Жиноят кодексининг 142-моддасига (уятсиз-бузуқ ҳаракатлар) тааллуқли бўлиб, илгари ушбу модда икки қисмдан иборат эди:
1. Ўн олти ёшга тўлмаганлиги маълум бўлган шахсга нисбатан жиноят аломатлари бўлмаган ҳолда номақбул зўравонлик ҳаракатларини содир этиш;
2. Худди шу ҳаракатлар зўравонлик қўллаш ёки уни қўллаш таҳдиди билан содир этилган бўлса; хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда; ота-она, ўқитувчи ёки ўқитиш ва тарбиялаш масъулияти юкланган бошқа шахс; ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга ёки яқин қариндошига нисбатан содир этилган бўлса – муайян лавозимларни эгаллаш ва (ёки) фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиниб, икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Энди ушбу моддага 3-қисм қўшилди, унга кўра:
ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар аниқ ўн тўрт ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ шахсларга нисбатан содир этилган бўлса, муайян лавозимларни эгаллаш ёки фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиниб, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Статистик маълумотларга кўра, Тожикистонда зўрлаш ёки уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ҳолатлари камдан-кам фош этилади.
Жабрланганларнинг қариндошлари кўпинча фактларни яширишади, чунки бундай ҳолатлар, айниқса, болалар иштирокида ошкор этилиши анъанавий тожик жамиятида жабрланувчининг ҳам, унинг ота-онасининг ҳам ижтимоий изоляциясига олиб келиши мумкин.
Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатда вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги 49 та зўравонлик ҳаракати қайд этилган. 2021 йилда эса 57 та ҳолат аниқланган.
Ўзбекистондаги рақамларга эътибор берадиган бўлсак, биргина 2021 йилнинг ўзида 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларга яқин шериги ҳисобланмаган шахслар томонидан 161 та зўрлик содир этилган. 2022 йилда 469 нафар одам вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазога тортилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинганди.
Ҳукм билан педофил амалдорлар – Хоразм Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Қурязов Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь