Педофил Эпштейн ўзбекистонлик қизни 3 йил давомида хўрлаган
Таҳлил
−
16 Май 11191 6 дақиқа
Педофил Эпштейн яна бир ўзбекистонлик қиздан ғаразли мақсадларда фойдалангани маълум бўлди. Жабрланувчининг ўзи ҳаммасини айтиб берди. АҚШ Конгрессида ташкил этилган тингловлардан сўзга чиққан ўзбекистонлик аёл миллиардер Жеффри Эпштейн томонидан 18 ёшидан бошлаб 3 йил давомида мунтазам равишда зўрланганини маълум қилди. Энг эътиборлиси, аёлнинг сўзларига кўра, Эпштейн 2009 йилда вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилишда айбланиб, бундай қабиҳ ишларини уй қамоғида бўлган вақтида давом эттирган. Жабрланувчи аёл АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган машҳур "Эпштейн файллари"ни ҳам кескин танқид қилди.
Унинг таъкидлашича, педофил жиноятчининг машҳур ва бой мижозларининг исмлари яширилган, бироқ у каби оддий қурбонларнинг шахси очиқ қолдирилган.
Хўш, ўзбекистонлик аёл Эпштейн тузоғига қандай тушиб қолган? Миллиардернинг сирли жиноятлари ва унинг файлларида ҳали очилмаган яна қандай тафсилотлар бор? Бугун айнан шу ҳақда гаплашамиз.
Эпштейн қурбонлари орасида яна бир ўзбекистонлик аёл ҳам бор
Йиллар давомида дунё элитасининг жирканч сирларини ўзида яшириб келган "Эпштейн иши"нинг янги ва даҳшатли тафсилотлари очилмоқда. Унинг жиноятларидан омон қолган ва шартли равишда “Роза” номи билан сўзга чиққан ўзбекистонлик жабрланувчи аёл илк бор АҚШ Конгрессидаги тингловларда молиячи уй қамоғи даврида содир этган зўрлашлар ҳақида оммавий равишда сўзлаб берди. Вакиллар палатасининг Назорат қўмитасидаги демократлар ушбу тадбирни Флорида штатининг Уэст-Палм-Бич шаҳрида ўтказдилар.
Розанинг айтишича, ҳаммаси моделлик карьерасининг ваъдаси билан бошланган. 2008 йили у 18 ёшда бўлган вақтида Эпштейннинг ҳамтовоғи, расман “моделлар бўйича агент” сифатида фаолият олиб борувчи Жан-Люк Брюнел билан танишади. Кўп ўтмай, Брюнель уни молиявий ёрдам беради деб Жефри Эпштейн билан таништиради. Брюнель қизга порлоқ модель карьерасини ваъда қилади. Бироқ “орзулардаги ҳаёт” ортида шафқатсиз эксплуатация режаси яширинган эди. 2009 йилда АҚШда бўлиб турган Роза Эпштейннинг Уэст-Палм-Бичдаги уйида у билан учрашади. Ҳаммаси шундан бошланади. Буни қарангки, ўша вақтда миллиардер вояга етмаганларга жинсий эксплуатация қилиш айблови билан уй қамоғида бўлган. Розанинг берган кўрсатмаларида, иқтисодий қийналган оиладан чиққанлиги уни Брюнелнинг осон ўлжасига айлантирганини айтади.
“Бир куни унинг массажчиси мени Эпштейннинг хонасига чақирди ва у ерда биринчи марта Жеффри томонидан шилқимликка дуч келдим. Кейинги уч йил давомида мен тизимли равишда зўрланиб келдим”, дейди Роза тингловда.
Адлия вазирлиги аввалроқ “жабрланувчиларни ҳимоя қилишга жуда жиддий ёндашишини” ва ҳужжатлар нотўғри таҳрирлангани сабабли, шахси очиқланган жабрланувчилар хабар берганидан сўнг, сайтдан Эпштейнга тегишли бир қатор материалларни олиб ташлаганини билдирган. Вазирлик хатолар “техник ёки инсон омили” сабабли юз берганини қайд этган.
Конгрессмен Роберт Гарция тингловлар айнан Флоридада – Эпштейннинг жиноятлари “илк бор маълум бўлган жойда” ўтказилганини айтган. Демократлар Эпштейнга йиллар давомида жавобгарликдан қочиш имконини берган АҚШ адлия тизимига нисбатан саволлар ҳамон очиқ қолаётганини таъкидлаган.
Тинглов давомида Эпштейннинг яна бир қурбони – Мария Фармер ҳам сўзга чиққан. У илк бор 1996 йилда жиноятлар ҳақида хабар берганини, аммо ўшанда ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳеч қандай чора кўрмаганини айтган.
Эпштейн оролига ўз хоҳиши билан борган ўзбекистонлик қиз
Эпштейн қурбонлари орасида сўзга чиққан Роза биринчи Ўзбекистон фуқароси эмас. Бундан олдин Эпштейн билан ўз хоҳишига кўра муносабатга киришган ва ундан яхшигина фойдаланган Самарқандлик қиз ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди. Эпштейн файлларида аниқланган ёзишмаларга кўра, самарқандлик қизнинг ўзи Эпштейнни излаб топган ва у билан доимий равишда хат ёзишиб турган. QALAMPIR.UZ эълон қилинган ҳужжатлар билан танишар экан, мулоқот дастлаб 2010 йилда қайд этилгани, қиз оғир муҳитда яшаши, бўйи баланд бўлишига қарамай, вазни 35 кг эканлиги, ноқулай шароитлар туфайли кунига 2 маҳал овқатланиши, қизнинг тишларини соғломлаштириш учун брикетлар кераклигини Эпштейнга ёзганини аниқлади. Қиз вақти-вақти билан қурилаётган сув омборлари, Ўзбекистон ва бу ердаги муҳит ҳақида ҳам унга маълумотлар бериб турган. У ўз ёзишмаларида ота-онасининг калтакларидан чарчаганини, бу ерда ёмон ном қозонганини, одамларнинг яшаш шароити оғирлигини баён этган.
Шунингдек, у Малайзия ёки Америкага бориб, у ерда ўқиш истаги борлигини, ўз ҳаётини ўзгартирмоқчи эканлигини, модель бўлишга ҳаракат қилаётганини ва бунинг учун катта миқдорда пул кераклигини ёзди. Шундан сўнг, Эпштейн унга харажатлари ва авиачипталари учун пул юборади. Педофил шахснинг ушбу қиз билан боғлиқ 231 та ёзишмаси ошкор этилган. Уларда қиз Эпштейнга севги изҳорлари ва соғинчли мактублар йўллаб турган. Ва ундан доимий равишда харажатлари учун пул олганлиги маълум бўлади. Ўзбекистонлик қиз Эпштейн томонидан юборилган чипталардан ташқари жами 25 минг долларга яқин миқдорда пул олган.
“Мен сизни кўришга муҳтожман ва сизга хат ёзиб, бирор нарса сўрашдан уяламан, лекин менга сизнинг ёрдамингиз жуда керак. Бироз вазн орттирдим, бир ой олдин 38 кг эдим, "Чет элга чиқиш онгимни барқарорлаштирди". Лекин пул танқислиги туфайли, орзуларимни амалга оширолмаяпман. Малайзияда ишлаш учун виза олишимга рухсат берилмасада, мен пул топиш учун ҳаракат қилдим. Осон пул топиш учун нотўғри йўлга қадам қўя олмайман. Сизга содиқ бўлишни истайман, лекин бу ерда муаммоларга дуч келдим. Сиздан пул сўраш мен учун қийин, аммо мен жуда миннатдор бўлардим! Агар ёрдам бера олсангиз, мен сиз учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қила оламан. Тишларимни тузатсам ва сизнинг олдингизга Парижга учсам кифоя! Тиш шифокори тишларимни рисоладагидек даволаш учун тахминан 3750 доллар кераклигини айтди. Менда эса, бунча пул йўқ. Жеффри, сиздан пул сўраётганим учун минг бор узр, бироқ сиз мен учун ягонасиз. Мен сизни жуда соғиндим, яхши тилаклар билан кўришгунча дейман”.
Самарқандлик қиз ўзи орзу қилгандек Парижда кинорежиссёрлик курсини тамомлаган, шунингдек Ўзбекистондаги университетларни ҳам тугаллаб, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшайди. Таҳририят Ўзбекистон Республикасининг қонунларига амал қилган ҳолда, шахсга доир маълумотларни ошкор кўрмасликни афзал кўрди.
Флорида ҳуқуқ-тартибот идоралари 2005 йилда Жеффри Эпштейн устидан тергов бошлади. Бунга унинг уйида массажчи сифатида ишлаган вояга етмаган қиз Эпштейн томонидан жинсий зўравонликка учрагани ҳақида оиласига айтгани сабаб бўлди.
Терговчилар 34 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари асосида 53 саҳифалик айблов хулосасини тайёрлади. Бироқ кейинчалик федерал прокурорлар Эпштейнга «имтиёзли» келишув асосида жиноий таъқиб қилинмасликни таклиф этди. Бу унга федерал даражадаги жинсий савдо айбловларидан қочиш имконини берди.
Натижада, Эпштейн вояга етмаган шахсни фоҳишаликка жалб қилиш каби енгилроқ — штат миқёсидаги жиноятга иқрор бўлди. У жинсий жиноятчи сифатида рўйхатга олинди ва қурбонларга товон пули тўлади. Мультимиллиардер 18 ойлик қамоқ жазосининг фақат 13 ойини округ қамоқхонасида ўтади ва унга «ишлаш» имтиёзи берилди. Эпштейн 2019 йилнинг 10 август куни жинсий савдо айбловлари бўйича суд ҳукмини кутаётган пайтда кутилмаганда ўз жонига қасд қилгани эълон қилинди. Расмий маълумотга кўра, ўлим сабаби ўзини осиш сифатида қайд этилган бўлса-да, унинг ўлими уюштирилган деган тахминлар бор. Чунки, у ўлган тунда қамоқхонадаги видеокузатув камералари тасодифан ишламай қолган ва хавфсизлик ҳамда назорат жараёнларида кўп носозликлар қайд этилган. Нима бўлганда ҳам ўзини шайтоннинг кўзгуси сифатида таърифлаган Эпштейннинг ўлими кўплаб жиноятларнинг барҳам топишига сабаб бўлган. Буни эса бутун дунё, айниқса АҚШ жамоатчилиги катта шахсларнинг "муаммодан қутулиши" дея баҳолаган.
Live
Барчаси