Пайариқда 60 нафар ўқитувчида COVID-19 аниқланди
Жамият
−
12 Сентябрь 2020
9668Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 576 нафар педагог-ходимлардан 60 нафарида COVID-19 вирусига бирламчи мусбат натижа берди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берди.
Ўқувчиларни таълим жараёнига жалб қилиш борасида синф раҳбарлари томонидан бугунги кунга қадар 47 810 нафар (96,5 фоиз) ота-она билан мулоқот қилинди. Шундан 35 850 нафар (72,3 фоиз) ота-она анъанавий таълим шаклини, 11 959 нафари (27,3 фоиз) эса масофавий таълим шаклини танлаган.
2020-2021 ўқув йилига 96 та мактаб тайёр ҳолга келтирилган бўлиб, мактаблар фаолияти тикланганда ўқувчилар соғлигини ҳимоялаш учун жами 208 дона пирометр, 672 дона дозатор, 21 452 литр антесиптик аралашма ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун 3 128 дона тиббий ниқобга эҳтиёж мавжуд.
Туман СЭО маркази томонидан тумандаги 99 та умумтаълим мактабларидан ҳозирга қадар 55 таси ўрганиб чиқилган бўлиб, фаолиятини тиклашга тайёр бўлган мактабларга мактаб фаолиятини анъанавий тарзда давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.
Ҳозирга қадар туман СЭО маркази томонидан тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 1 860 нафар педагог-ходимлар COVID-19 вирусига тест топширган бўлиб, ҳамма таҳлил жавоби чиқмаган. 1-куни тест топширган 576 нафар педагог-ходимлардан 60 нафарида COVID-19 вирусига бирламчи мусбат натижа берган ва ушбу фуқароларга нисбатан провизор госпиталига ётқизилиши ва профилактик тадбирларни ўтказилиши бўйича хулоса берилди.
Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчи-педагогда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.