Павел Дуров Қозоғистонда жазоланиши мумкин (видео)

Олам

image

Telegram асосчиси Павел Дуров Қозоғистндаги Кольсай кўлида чўмилгани учун жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги маъмурий полиция қўмитаси раисининг ўринбосари Алексей Милюк маълум қилди.

Алексей Милюк ҳукуматнинг сайёр мажлисида Дуров билан боғлиқ ҳодиса чўмилиш тақиқланган ҳудудда содир бўлганини, у алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд ҳисобланишини маълум қилган.

“Бу ҳудудда бўлиш ва чўмилиш учун жавобгарлик мавжуд бўлиб, жазони тайинлаш Экология вазирлиги ваколатига киради. Биз тегишли материални рўйхатга олдик ва уларга топширдик, ҳозир улар кўриб чиқмоқда. Биз ҳужжатни расмийлаштирмадик, фақат ОАВда эълон қилинган маълумотлар асосида материал тўпладик ва кўриб чиқиш учун Экология вазирлигига топширдик”, дейди у.

Шунингдек, Милюк Дуровга қандай жарима қўлланиши мумкинлигини ҳам тушунтирган.

“Бу қандай малакаланишига қараб турлича бўлади. Ваколатли органлар билан бевосита суҳбатлашиш керак. Энг камида огоҳлантиришдан бошлаб, агар адашмасам, 39 минг тенгегача (тахминан 880 минг сўмгача). Бу таркибга боғлиқ”, дейди у.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 2 октябрь куни Павел Дуров "Digital Bridge" форумида иштирок этиш учун Қозоғистонга келган эди. Павел Дуров кейинроқ ўзининг Telegram каналида Кольсай кўлидан яримяланғоч ҳолда чиқаётган видеосини эълон қилган. Аммо боғ маъмурияти у ерда чўмилиш тақиқланганини маълум қилиб, бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланганини билдирган. Орадан кўп ўтмай, Дуров Олмаота вилоятидаги Кольсай кўлида бўлган пайтида олинган яна бир видеони эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павел Дуров Остона шаҳрида ўтказилган "Digital Bridge" форумида Қозоғистонда Telegram’нинг сунъий интеллектга асосланган лабораторияси очилиши ҳақида эълон қилган эди. У форумдаги иштироки доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам учрашганди. Улар киберхавфсизлик, таълим ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Павел Дуров Кольсай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг