Пашинян Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича халққа мурожаат билан чиқди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
16038Арманистон тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукуматининг Озарбайжон билан музокара ўтказиш қарорини эътиборга олди. Бу ҳақда республика Бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
“Биз содир бўлган воқеаларни ҳисобга оламиз ва воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз”, дейилади Пашиняннинг Арманистон халқига мурожаатида.
Унинг қайд этишича, Арманистон Республикаси Тоғли Қорабоғ бўйича имзоланган матнни [тайёрлашда] ва муҳокамаларда иштирок этмаган.
Пашинян ўт очишни тўхтатишга эришилгандан сўнг Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғ тинч аҳолисини ҳимоя қилишига умид билдирди.
“Агар тинчликпарвар кучлар бундай таклиф билан чиққан бўлса, демак, улар Тоғли Қорабоғ арманларини таъминлаш учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммаларига олишган, яъни улар Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаши керак”, дейди у.
Пашинян ўзидаги маълумотларни очиқлаб, шундай деган:
“Тоғли Қорабоғдан олган сўнгги маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар интенсивлиги кескин пасайган, бироқ улар тўлиқ тўхтагани йўқ. Умид қиламизки, ҳарбий кучайиш давом этмайди”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, томонларни музокаралар столига чақирди. 20 сентябрга келиб Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум шартлари асосида аксилтеррор ҳаракатлари тўхтатилганини эълон қилди.
20 сентябрь куни Арманистон пойтахти Ереванда намойишчилар Россия элчихонасини тўсиб қўйди.