Пашинян ниятига етолмади
Олам
−
18 Март 2021
6178Арманистон Маъмурий суди Оник Гаспарянни мамлакат Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи лавозимида якуний қарор қабул қилингунга қадар ушлаб туришга қарор қилди. Бу ҳақда расмийнинг адвокати Артур Ованнисян маълум қилган.
"Маъмурий суд даъвони таъминлаш чорасини қўллашга қарор қилди. Оник Гаспарян ўз лавозимида қолади ва якуний ҳукм чиқарилгунча ўз вазифаларини бажаришда давом этади", деган Ованнисян.
Унинг тушунтиришича, бу Бош штаб бошлиғи беш йил муддатга тайинланиши билан боғлиқ. Агар Бош штабнинг янги раҳбари тайинланса, Гаспаряннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш имконсиз бўлиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Арманистон Президенти Армен Саркисян Бош вазир Никол Пашиняннинг генерал-лейтенант Артак Давтянни Бош штаб бошлиғи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги таклифини рад этди. У ушбу лавозимни 2018 йилдан 2020 йилгача эгаллаган. Таклиф Ҳукумат раҳбарига эътирозлар билан қайтарилди.
Арманистондаги вазият февраль ойида, Бош штаб бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатрян Пашинянни танқид қилганида кескинлашди. Бош вазир Бош штаб бошлиғи Гаспарянни лавозимидан озод этиш тўғрисида Президентга икки маротаба мурожаат юборди.
10 март куни Бош вазир Гаспарян ўз лавозимидан озод қилинганини айтди, чунки Президент фармонни ўз вақтида имзоламаган ва Конституциявий судда унга қарши чиқмаган.
Генерал-лейтенант Степан Галстян эса Бош штаб бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.