Пашинян фавқулодда Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
5139Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Арманистон Хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати баёнотида айтилади.
“Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши Бош вазир Никол Пашинян бошчилигида ўтказилмоқда. Йиғилиш кун тартибида Озарбайжон томонидан Тоғли Қорабоғга қарши бошланган кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар муҳокама қилинади”, дейилади хабарда.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Озарбайжонни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ аҳолисига қарши “кенг кўламли тажовуз”ни бошлаганликда айбламоқда.
“19 сентябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғ халқига қарши навбатдаги кенг кўламли тажовузни уюштириб, этник тозалаш сиёсатини якунлаш ниятида. Озарбайжон жазосиз қолиш туйғусини ҳис қилган ҳолда, босқинчилик учун жавобгарликни очиқчасига ўз зиммасига олди”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини маълум қилди.
LiveБарчаси