Пашинян Озарбайжонга ер алмашишни таклиф қилди (видео)

World

−

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян яна Озарбайжон билан шартнома ҳақида гапирди ва Баку билан тинчлик қандай бўлиши кераклигини тушунтирди. Бу ҳақда у кеча, 14 октябрь куни ижтимоий тармоқдаги тўғридан тўғри эфир чоғида сўз очди. 

“Келишув имзоланиши натижасида Арманистон 29 743 квадрат километр майдонга эга бўлиши керак”, дейди Вазирлар маҳкамаси раҳбари. 

Бундан ташқари, чегаранинг иккала томонида ҳам анклав ва эксклавлар бўлмаслиги лозим. Арманистон ва Озарбайжон тегишли аниқ ўлчамдаги ҳудудларни ўзаро алмашиб олишлари керак.

Пашиняннинг ҳисоблашича, барча йўллар ва коммуникация тармоқлари “Тинчлик чорраҳаси” лойиҳаси доирасида ҳам, ундан ташқарида ҳам очиқ бўлиши керак. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Ереван ва Баку бир-бирига ҳеч қандай талаб қўймаслиги ва “барча масалаларда бир-бирини ўз ҳолига қўйиши” лозим.

“Ҳеч қандай талаблар, жумладан, Қорабоғ, Гардман, Ширвон, Нахичевон ёки Ғарбий Озарбайжон логикаси бўлмаслиги керак”, дея қўшимча қилган у.

Бир неча кун олдин Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ саммитида Озарбайжон Президенти билан бўлиб ўтган мулоқотлар якунларига кўра, Бош вазирда мамлакатларда тинчликка айнан шундай шакл бериш имконияти мавжудлиги ҳақида дастлабки таассурот шаклланган.

Маълумот учун, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар 2020 йилдаги 44 кунлик урушдан сўнг шаклланган кун тартиби бўйича тартибга солинмоқда. Икки мамлакат ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим жорий йилнинг 8 август куни Вашингтон тинчлик саммитида дастлабки босқичда имзоланган эди. Ҳозирда томонлар уни тўлиқ имзолаш ва ратификация қилиш, шунингдек, чегараларни делимитация қилиш ва транспорт коммуникацияларини очиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги уруш учун барча айбни Арманистоннинг аввалги раҳбарияти зиммасига юклаб бўлмаслигини, бироқ мамлакат собиқ раҳбарларининг барчаси ҳарбий жиноятчилар ва муносиб жазоларини олишлари кераклигини айтган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends