Пашинян Бакуни терроризмда айблади. Отишмада 3 полициячи қурбон бўлган
Олам
−
07 Март 2023
3377Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 5 март куни Тоғли Қорабоғда 3 нафар полициячи ҳалок бўлган озарбайжонлик ҳарбийларнинг ҳаракатлари террорчилик актига айланганини айтди. Бу ҳақда кеча, 6 март куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг франциялик ҳамраиси Брис Рекфай билан бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича Республика Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати маълум қилди.
“Бош вазир франсуз ҳамраиси эътиборини 5 март куни Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғда қўпорувчилик ҳаракати содир этгани, бунинг оқибатида (тан олинмаган – таҳр.) Тоғли Қорабоғ ИИВ паспорт-виза департаментининг уч нафар ходими ҳалок бўлгани, бир киши яраланганига қаратди”, дейилади баёнотда.
Пашинян билдиришича, Озарбайжон қўпорувчилик гуруҳининг хатти-ҳаракатларини терроризмдан бошқа нарса деб баҳолаш мумкин эмас.
“Пашинян Озарбайжон қарийб уч ой давомида Лочин йўлагини тўсиб қўйиш ва Тоғли Қорабоғда гуманитар фалокат яратишга қаратилган ҳаракатларга параллел равишда Арцахнинг арман аҳолисини этник тозалашнинг якуний мақсадига эришиш учун террор қилишда давом этаётганини қўшимча қилди”, дейди Вазирлар Маҳкамаси.
Шу билан бирга, Бош вазирнинг қўшимча қилишича, ҳозирги шароитда Лочин йўлаги ва Тоғли Қорабоғга халқаро фактларни аниқлаш гуруҳини юбориш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.
Расмий Ереванга кўра, жорий йилнинг 5 март куни Озарбайжон ҳарбийлари паспорт-виза бўлимининг навбатчилик машинасини ўққа тутиши оқибатида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг уч нафар полициячиси ҳалок бўлган, яна бири яраланган.
Расмий Бакунинг билдиришича, Озарбайжон Мудофаа вазирлигига Арманистон Республикасидан Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлаштирилган Озарбайжон ҳудудига Ханкенди-Халфали-Туршсу тупроқ йўли бўйлаб ҳарбий техника, ўқ-дорилар ва шахсий таркибни олиб ўтгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган. Ушбу маълумотларни текшириш мақсадида Озарбайжон армияси бўлинмалари томонидан ноқонуний ҳарбий юк ташишни амалга ошираётган автомашиналарни тўхтатиш ва текширишга ҳаракат қилинган. Мудофаа вазирлиги Арманистон томони ўт очганини, отишма оқибатида ҳар икки томондан қурбонлар ва ярадорлар борлигини маълум қилди.