Парламентда депутатлар Қодиров ва Кушербоев ўртасида тортишув юз берди
Жамият
−
27 Апрель 2021
22718Бугун, 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ва Либерал-демократик партия фракцияси аъзоси Расул Кушербоев ўртасида тортишув юз берди.
Ижтимоий тармоқларда икки депутат ўртасида баҳс юз бергани ҳақида хабарлар тарқала бошлаши билан Алишер Қодиров бўлган воқеа тафсилотларини маълум қилди.
“Мен билан Расул Кушербоев ўртасида бўлиб ўтган тортишув жуда ҳам нормал ҳолат.
Тортишув мавзуси давлат ҳокимияти органларини ноқонуний қурилишларни бузиш бўйича қарорларини судга беришда давлат божини тўлаш ёки тўламаслик ҳақида эди. Менга қолса судга мурожаат учун умуман тўловларни ҳар қандай шакли бекор қилиниши керак, адолатни излаш тортишувлари фақат ва фақат судда бўлсин. Суд ҳамма учун осон очиладиган эшик бўлсин. Расул эса бу норма ҳокимиятларни ноқонуний бузиш ишларини янада рағбатлантиради деган хулосада. Тортишув шу нуқтада бўлди.”, дейди Қодиров.
У сўзида давом этиб, Кушербоевнинг кескин сўзлари учун Одоб комиссиясига мурожаат қилганига тўхталиб ўтган. Аммо Давлат солиқ қўмитасининг унга қарши даъвосидан бехабар бўлганини ҳам қўшимча қилган.
“Давлат Солиқ қўмитаси билан Расул ўртасидаги низодан хабарим йўқ эди, асабий бўлишга асоси бор. Бизни тортишувимиздаги кескин сўзлари учун мен ҳам Одоб комиссиясига мурожаат қилганим рост. Лекин бу чақирувимни қайтиб оламан. Қийин пайтда Расулни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳамкасбимизни судга жалб қилинишига розилик бермоқчи эмасмиз”, дея вазиятни тушунтирган депутат.
Қодиров бугун ҳукумат ҳисоботи эшитилганини, мураккаб вазиятда ижро ҳокимияти ҳам ноанъанавий ишлашни ўрганаётганини айтиб ўтган.
“Мураккаб шароитда Ҳукумат ҳам ноанъанавий ишлашни ўрганяпти. Парламент ҳам эркин муҳитда ишлашни энди ўрганяпти. Қўполроқ гапиргани учун парламент аъзосини жавобгарликка тортилиши демократик ислоҳотларимизнинг руҳига мос эмас.
Қанча тортишсак ҳам мақсадимиз битта – Ўзбекистонимиз ривожланиши керак!”, деган Қодиров сўзи сўнггида.
Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Хидралиевич Кушербоев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритгани ҳақида хабар берган эдик. ДСҚ етказилган маънавий зарар учун 4,6 млрд сўм товон пули талаб қилмоқда.
Кушербоев QALAMPIR.UZ'нинг сўровига кўра, ўзига қарши очилган даъвога муносабат билдириб, аввало, 4,6 млрд сўмлик зарар қаердан олинганини исботлаш кераклигини, у тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиб, ўз фикрини билдирганини таъкидлади.