Парламент ЙПХ ходими тасвирини интернетда тарқатганларни қамаш масаласини кўриб чиқади

Жамият

image

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилади. Бу ҳақда қуйи палата спикери Нурдинжон Исмоилов Қонунчилик палатаси мажлисида айтиб ўтди.

“Охирги вақтларда инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишдан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳозир қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси қолдиғида турибди. Қўмита бу қонунни биринчи ўқишга киритиш бўйича ишларни давом эттиряпти. Ҳали муддатимиз бор, албатта бу қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киради ва муҳокамага сабаб бўлади. Ҳозир муддати борлиги учун шошилмаймиз ва қонунчилик ташаббуси субъектидан қўшимча маълумотлар сўраганмиз. Фракцияларда бу масала кўрилганда депутатларимиз бу масалани кўтарган.

Қўшимча маълумотлар олиб келинганидан кейин албатта бу қонунни кўришимиз керак. Бу жуда долзарб қонун, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчилигимизда жуда кўп бўшлиқлар бор. Керак бўлса, зиддиятлар ҳам бор, уни ҳам тан олишимиз керак. Кўп муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш зарурати мавжуд”, дейди Нурдинжон Исмоилов.

Унинг сўзларига кўра, айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазоларни кучайтиришга тўғри келади, айримлари бўйича либераллаштиришга тўғри келади. 

“Яна оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш самарадорлигига қаратилган бир қанча нормалар кўзда тутилган: мутасадди идораларга ваколатлар, масъулиятлар ва вазифалар юклатиляпти.

Албатта, бу қонунни биринчи ўқишда киритиш учун муддатимиз бор. Қўмитадан илтимос қиламиз, депутатларни фикри ва жойлардаги фикрларни инобатга олиб, яқин кунлардаги йиғилишимизга киритилиши керак бўлади”, дейди қуйи палата спикери.

Эслатиб ўтамиз, Халқ демократик партияси фракцияси мазкур қонунни кўришдан бош тортганди.

Маълумот учун, қонун лойиҳасидаги бандлардан бирида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган чоғда олинган фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш 50 БҲМ жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг