“ГАИ”ларни фото ва видеога олишни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси рад этилди
Жамият
−
30 Май 2022
10617“Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш рад этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун, 30 май куни бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилинган.
Гап шундаки, Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция мажлисида кўриб чиқилиши керак эди.
Муҳокама жараёни бошланишидан аввал фракция аъзоси Фирдавс Шарипов қонун лойиҳасининг қатор моддаларида жарималар миқдорини ошириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилаётгани, аммо бунинг сабаблари асосли очиб берилмаганини таъкидлаб, шунингдек бошқа омилларни келтириб, қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариб ташлашни таклиф қилган.
Жарималар миқдори ошиши Халқ демократик партияси ғояларига зид экани, айниқса, асосий истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб бораётган шароитда жарималар суммасини кўпайтириш масаласини муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этилган.
Қонун лойиҳасида охирги вақтларда кенг жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган йўл ҳаракати ходимларини видео ва фототасвирга олиб тарқатиш масаласида ҳам катта миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган.
Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
“Мамлакатимиздаги катта ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашув экани айтилди”, дейилади партия ахборотида.
Юқоридаги омилларга асосан қонун лойиҳасини фракция мажлисида кўриб чиқиш рад этилган.
LiveБарчаси