Париждаги намойишлар даҳшатли тус олди (видеолар)

Олам

image

Кеча, 28 март куни Парижда ўтказилган пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойиши зўравонликларга айланиб кетди. Франция пойтахтида 100 мингга яқин одам намойишга чиқди ва улар орасидаги ниқобли гуруҳ оғир зирҳли полиция билан тўқнашди. Бу ҳақда RT хабар берди.

Қайд этилишича, намойишчиларнинг юриши дастлаб тинч бошланган, аммо оломон шаҳар марказининг шарқида жойлашган “Place de la Nation” манзилига яқинлашганда қора кийинган фаоллар дўкон пештахтасига ўт қўйиб юборган. Шундан сўнг полиция оломонни тарқатиш учун уларни таёқ билан ура бошлаган.

Тармоқларда тарқалган видеотасвирларда зобитлар намойишчиларнинг энг олдинги қаторларига зарбалар ёғдиргани, уларнинг баъзилари тош отиш билан жавоб берганини кўриш мумкин. Намойишчилар шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам чиқинди қутиларини ёқиб юборган ва номаълум миқдордаги дўкон витриналарига зарар етказган.

Шаҳар маъмуриятининг маълум қилишича, намойишда 93 минг киши қатнашган, Франция ички ишлар вазирлиги эса бутун мамлакат бўйлаб жами 740 минг киши норозилик намойиши ўтказганини маълум қилган. Касаба уюшмалари ва норозилик намойиши ташкилотчилари бир неча бор ҳукуматни иштирокчиларни кам ҳисоблаганликда айблашган, CGT касаба уюшмаси биргина Парижда 450 минг киши иштирок этганини тахмин қилган.

Митинг олдидан Ички ишлар вазири Жералд Дарманин бутун Франция бўйлаб 13 минг (шулардан 5 минг нафари Парижда) қўшимча полициячини жойлаштирган. 27 март куни кечқурун сафарбарликни эълон қилар экан, Дарманин мингдан ортиқ радикал фаоллар намойишларда зўравонликни қўзғатишга тайёрланаётгани учун бундай куч зарурлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тизимнинг молиявий мувозанатини таъминлаш мақсадида пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача ошириш ва махсус пенсия режимларини бекор қилишни назарда тутувчи ислоҳот жорий йилнинг январь ойида тақдим этилган эди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар дарҳол кўплаб норозиликларга сабаб бўлган, бутун мамлакат бўйлаб бир неча бор оммавий намойиш ва иш ташлашлар ўтказилганди. Жорий йилнинг 16 март куни эса Бош вазир парламентни четлаб ўтиб, ҳукумат масъулияти остида пенсия таъминоти тизимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинишини маълум қилганди. Касаба уюшмалари ва мухолиф сиёсий партиялар вакиллари ҳукуматнинг бу ҳаракатини қоралаб, бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашларни кўпайтиришга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция намойиш норозилик пенсия ислоҳоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг