Панжшердаги тўқнашувда “Толибон”нинг 300 дан ортиқ жангариси ҳалок бўлди – ОАВ
Олам
−
02 Сентябрь 2021
13832“Толибон” ҳаракати ўзига бўйсунмаётган Панжшер вилоятидаги қаршилик кучларига ҳужум қилиши оқибатида 300 дан ортиқ жангарисини йўқотди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Кеча кечқурун “Толибон”нинг икки йўналишда Панжшерни эгаллашга уриниши оқибатида бошланган тўқнашувларда 300 дан ортиқ жангари ҳалок бўлди. Яна ўнлаб толиблар яраланган ёки асир тушган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Толибон” мудофаа чизиғини ёриб ўта олмаган ва чекинишга мажбур бўлган.
“Толибон”нинг Панжшер губернатори этиб тайинланган вакили Амир Хон Моттакийнинг маълум қилишича, ҳаракат ва қаршилик вакиллари ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси