Панжшердаги қаршилик кучлари бошқа вилоятларга ҳам тарқалади — Афғонистон элчиси 

Олам

image

Афғонистоннинг тоғли Панжшер вилоятидаги “Толибон” ҳаракатига қаршилик кучлари мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам тарқалиши мумкин. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар маълум қилди.  

“Ишончим комилки, қаршилик бу вилоятдан Афғонистоннинг бошқа вилоятларига ҳам тарқалади. Ҳақиқий ватанпарвар жангчилар Панжшерда яшайди. Улар Аҳмад Масъудни қўллаб-қувватлайди ва охиригача қаршилик кўрсатади. Толиблар совет генералларининг тажрибасини ўрганиши керак, улар ўтган асрнинг 80-йилларида Панжшерда қандай жанг қилишганди (лекин улар минтақани тўлиқ назорат қила олмаган — таҳр.)”, деган элчи. 

Муҳаммад Зоҳир Агбарга кўра, бундан 25 йил олдин толиблар деярли бутун мамлакатни эгаллаб олган, лекин Панжшерни ололмаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Панжшер

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг