Озарбайжонликларнинг Россияда ҳалок бўлиши юзасидан жиноят иши очилди
Олам
−
01 Июль 9512 3 дақиқа
Россияда Озарбайжон фуқароларининг вафот этиши ва қийноққа солиниши бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, “Qafqazinfo” хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан икки нафар шахсга нисбатан аянчли тарзда қийноқ ўтказилиб, ўлдирилганига оид далиллар асосида Бош прокурор томонидан жиноят иши очилган.
Дастлабки терговга кўра, жорий йилнинг 27 июнь куни эрталаб Россия Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизматининг Свердловск вилояти ходимлари томонидан Екатеринбург шаҳрида ўтказилган операция чоғида илгари содир этилган жиноятларда гумон қилиниб, бир нечта манзилларда яшовчи Озарбайжон фуқаролари қўлга олинган.
Ушбу шахслар ҳибсга олиниши ҳамда операцион биноларда бўлиши давомида танасининг турли қисмларига оғир жисмоний зарбалар берилиб, қийноққа солинган ва оғир тан жароҳатлари етказилган.
Оқибатда кичик тадбиркорлик билан шуғулланган, 1966 йилда туғилган 60 ёшли Ҳусайн Сафаров ички ишлар идорасида, унинг укаси –1970 йилда туғилган, ҳайдовчилик билан шуғулланган, икки фарзанднинг отаси 55 ёшли Зиёддин Сафаров эса хизмат автомобилида олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Ҳусайн Сафаров кўкрак қафасидаги синишлар ва бошқа кўплаб тан жароҳатлари туфайли посттравматик ва қон кетиши билан боғлиқ шокдан вафот этган. Унинг укаси Зиёддин Сафаров ҳам кўплаб тан жароҳатлари туфайли шунга ўхшаш шокдан вафот этган.
Шунингдек, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган бошқа шахсларга ҳам қийноқ ўтказилган ва улар ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан ҳозирда Россия ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.
Йиғилган далиллар асосида Бош прокурор томонидан қуйидаги моддалар билан жиноят иши қўзғатилган:
- 12.2-модда – чет элда Озарбайжон фуқаросига қарши жиноят содир этилганда, Озарбайжон қонунчилигига биноан жавобгарлик;
- 120.2.1 – бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан одам ўлдириш;
- 120.2.4 – шафқатсизлик ёки хавфли усул билан одам ўлдириш;
- 120.2.7 – икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш;
- 120.2.9 – олдиндан тил бириктирган ҳолда одам ўлдириш;
- 309.2 – ваколатни суиистеъмол қилиш туфайли оғир оқибатларга сабаб бўлиш;
- 293.3 – қийноқ ёки бошқа шафқатсиз, инсон қадрини камситувчи муомала ёки жазо, эҳтиётсизлик билан ўлимга сабаб бўлса.
Қайд этилишича, терговни Озарбайжон Бош прокуратураси ҳузуридаги Тергов бошқармаси олиб боради. Тергов гуруҳига топшириқлар берилган ва фаол тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Бош прокуратура халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа давлатларга ҳуқуқий ёрдам сўровларини юбориб, терговнинг самарали олиб борилиши ва жиноятчиларни аниқлаб, жавобгарликка тортиш учун ҳамкорликни таъминлайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Федерал хавфсизлик хизмати томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари вафот этганди. Шундан сўнг, Россиянинг Баку шаҳридаги вақтинча иш юритувчиси Пётр Волоков Озарбайжон ТИВга чақирилган. Россия ТИВ расмийлари эса бу қўлга олишлар илгари содир этилган оғир жиноятлар юзасидан тергов доирасида олиб борилганини тушунтирган. Аммо кейинчалик вазият янада кескин тус олди. 30 июнь куни Озарбайжон полицияси Баку шаҳридаги “Sputnik Озарбайжон” нашриёти офисида текширув ўтказган ҳамда нашрда ишлаган икки ходим Россия агентлари бўлиб чиққанини хабар қилган. Бу орада Россия ҳам ҳаракатга келди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Москвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳмон Мустафоевни расмий равишда чақиртирган. Расмий баёнотга кўра, элчи Баку томонидан кўрсатилган дўстона бўлмаган ҳаракатлар, хусусан, Россия журналистларининг ноқонуний қўлга олиниши муносабати билан чақирилган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь