Вазият жиддий. Россия ТИВ Озарбайжон элчисини чақиртирди
Олам
−
30 Июнь 25668 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Москвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳмон Мустафоевни расмий равишда чақиртирди. Бу ҳақда вазирликнинг сўзловчиси Мария Захарова хабар берди.
Унинг айтишича, элчи Баку томонидан кўрсатилган дўстона бўлмаган ҳаракатлар, хусусан, Россия журналистларининг ноқонуний қўлга олиниши муносабати билан чақирилган.
Захарованинг таъкидлашича, бу журналистларга нисбатан Озарбайжон ҳукумати илгари ҳеч қандай эътироз билдирмаган.
“Озарбайжон ҳукумати бу журналистларга шу пайтгача ҳеч қандай эътироз билдирмаган эди. Ҳозир эса улар ҳибсга олинди, бу – Россия учун жиддий ташвиш туғдирмоқда”, деган Захарова.
Унинг қўшимча қилишича, Россия ҳукумати айни дамда Баку шаҳрида ҳибсда бўлган ўз журналистлари билан икки соатдан ортиқ вақт алоқага чиқа олмаяпти. Дипломатик миссиянинг консуллик бўлими ходимлари ҳам ҳибсдаги журналистлар билан учрашувга қўйилмаган.
“Биз бу ҳолатдан жиддий хавотирдамиз. Ҳеч қандай изоҳ берилмаяпти. Россия элчихонаси Озарбайжон ТИВ, ИИВ ва Давлат хавфсизлик хизматини расмий хабардор қилган, аммо жавоб йўқ”, деган Россия ТИВ вакили.
Қайд этиш жоиз, вазият шундай бир паллага етдики, Россиянинг Баку шаҳридаги вақтинча иш юритувчиси Пётр Волоков ҳам Озарбайжон ТИВга чақирилган. Бу чора Озарбайжон фуқароларининг Екатеринбургда қўлга олиниши ва икки шахснинг ўлими билан боғлиқ ҳолат ортидан содир бўлган.
Россия ТИВ расмийлари бу қўлга олишлар илгари содир этилган оғир жиноятлар юзасидан тергов доирасида олиб борилганини тушунтирган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков эса ҳуқуқ-тартибот органларининг бундай ҳаракатлари дипломатик норозилик билдириш учун асос бўла олмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июнь куни Озарбайжон полицияси Баку шаҳридаги “Sputnik Озарбайжон” нашриёти офисида текширув ўтказганди. Қолаверса, Озарбайжон томони нашрда ишлаган икки ходим Россия агентлари бўлиб чиққанини хабар қилганди.
Live
Барчаси