“Спутник Озарбайжон”да ишлаган Россия агентлари қўлга олинди 

Олам

image

Озарбайжон полицияси “Спутник Озарбайжон” офисида ўтказган операция чоғида нашрда ишлаётган Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларини қўлга олди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Vesti.az”, АПА ва “Минвал” агентликлари хабар берди.

Россиянинг “Спутник” ахборот агентлигининг Бакудаги таҳририяти Метбуат проспекти, 23М, бинонинг тўртинчи қаватида жойлашган. Бугун, 30 июнь куни тушдан кейин у ерга Озарбайжон полицияси етиб борган ва Озарбайжон матбуоти уларнинг ҳаракатларини махсус операция деб атаган. Хавфсизлик кучлари бино олдидаги ҳудудни ўраб олган ва биноларни “назоратга олган”.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг ушбу агентликда ишлаган икки нафар ходими қўлга олинган.

“Озарбайжон полицияси иш жойида бўлмаган барча ходимларни “Спутник” маҳаллий ваколатхонаси офисига чақирган”, деб хабар беради РИА Новости.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова россиялик дипломатлар нашр журналистлари билан икки соатдан кўпроқ вақт давомида боғлана олмаганини айтган эди.

Маълумот учун, 2025 йил февралида Баку Озарбайжон давлат оммавий ахборот воситаларининг хориждаги ва мамлакатдаги хорижий журналистлари фаолиятида паритетга эришиш мақсадида агентлик фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Ушбу қарор Озарбайжон давлат оммавий ахборот воситаларининг хориждаги фаолияти ва мамлакатдаги хорижий журналистларнинг тенглигини таъминлашга қаратилган эди. Бошқача айтганда, Бакуда ишлаётган “Спутник Озарбайжон” журналистлари сони Россиядаги “AZƏRTAC” журналистлари сонига тенг бўлиши керак эди. Бироқ “Спутник Озарбайжон” таҳририяти бу қарорга амал қилмади. Ўтган давр мобайнида таҳририят ва ходимлар ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизодага кўра, агентлик фақат битта мухбир учун аккредитация олиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг