Озарбайжон Эрондаги элчихонаси фаолиятини бутунлай тўхтатди. Эрончи?
Олам
−
30 Январь 2023
5459Озарбайжон Эрондаги элчихонаси фаолиятини бутунлай тўхтатди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов “Trend.az” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Элчихонада дипломатик хизматнинг маъмурий биноси ва мулкини қўриқлаш учун бор-йўғи 5 киши қолади, бироқ улар дипломатик вазифаларни бажармайди”, дейди Халаф Халафов.
Шунингдек, вазир ўринбосари Эрон Озарбайжондаги дипломатик ваколатларини тўхтатгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтиб ўтди.
“Биз Эроннинг Озарбайжондаги элчихонаси фаолиятини тўхтатиб қўйгани ҳақида ҳеч қандай маълумот олмадик. Озарбайжон бошқа давлатлар учун дипломатик ваколатхоналар хавфсизлигини таъминлаш бўйича намунали давлатлардан бири. Таҳдидларга қарамай, Озарбайжон ўз дипломатик ваколатхоналари хавфсизлигини таъминлашда давом этади”, дейди Ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни соат 08:30 да Теҳронда Озарбайжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужум қилган шахс Калашников автомати билан қуролланган. Ҳодиса оқибатида хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, унинг икки ҳамкасби яраланди. Иккинчисининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Эрон полицияси Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода эса Озарбайжон қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчилигини маълум қилган эди.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян озарбайжонлик ҳамкасби Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумдан икки давлат душманлари фойдаланганини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Эрон пойтахти Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужум юзасидан муносабат билдириб, ушбу ҳолатни кескин қоралашини маълум қилди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси