Озарбайжон билан чегарада 49 киши ҳалок бўлди – Пашинян
Олам
−
13 Сентябрь 2022
6899Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 13 сентябрь куни Арманистон-Озарбайжон чегарасида можаронинг кучайиши натижасида, арман томондан дастлабки маълумотларга кўра, 49 киши ҳалок бўлганини айтди. Бу ҳақда Пашинян Ереванда парламентнинг фавқулодда йиғилишида маълум қилди.
“Ўлганлар сони, афсуски, якуний эмас”, дейди Пашинян.
Арманистон Бош вазири парламентарийларга Брюсселда Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан музокаралар чоғида юзага келган келишмовчиликлар ҳақида гапирган.
Унинг эслатишича, 2020 йилнинг март ойидан бери Баку тинчлик битими бўйича ўзининг беш бандини тақдим этган ва тинчлик шартномасини тузишни таклиф қилган. Шундан сўнг, арман томони ўз бандларини таклиф қилди, улар келишилган ҳолда тинчлик шартномасини имзолашга тайёр эди.
“Биз [бир-биримизни] тушунаётгандек эдик. Бироқ Брюсселдаги учрашув чоғида Озарбайжон тинчлик музокараларини олиб боришдан ва биз таклиф қилган масалаларни муҳокама қилишдан бош тортаётгани маълум бўлди. Аслида Баку Қорабоғ муаммосини муҳокама қилишни истамади, чунки у бу муаммони ҳал қилинган ёки ҳеч бўлмаганда ўзининг ички иши деб ҳисоблайди”, дейди Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.
Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.
Расмий Бакуга кўра, 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси