Этник тозалаш ва геноциднинг қонли саҳифаси. Хўжали қирғинига 34 йил тўлди (фоторепортаж)

Олам

image
Хўжали қирғини ёхуд Қорабоғдан эшитилаётган даҳшат овози north_east

Хўжали қирғини ёхуд Қорабоғдан эшитилаётган даҳшат овози

СССР парчалангач, 1992 йилнинг бошларига келиб Тоғли Қорабоғдаги вазият ўта оғир тус олди. Хўжали шаҳри Қорабоғнинг қоқ марказида жойлашгани, бутун ҳудуд учун “калит” вазифасини ўтагани, ўзининг стратегик жойлашуви – минтақада ягона аэропортга эга эканлиги ва муҳим йўллар чорраҳасида тургани сабабли арман бирлашмалари учун асосий нишонга айланди. Шаҳар бир неча ой давомида қамалда қолди, электр энергияси, сув ва озиқ-овқат таъминоти бутунлай узиб қўйилди. Бугун ушбу қирғиннинг чизгиларига назар ташлаймиз.

1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси арман қуролли кучлари Россия 366-мототека полкининг ёрдами билан ўз давлатидан ҳимоясиз аҳолининг устига ҳар томонлама ҳужум бошлайди. Совуқ қиш кечасида шаҳар аҳолиси – кексалар, аёллар ва болалар ўз уйларини ташлаб, қорли ўрмонлар орқали нажот излаб қочишга мажбур бўлди. Бироқ қочқинлар “очиқ коридор” ваъда қилинган йўлларда арман ҳарбийлари томонидан пистирмага олинади. 

Бундан кўринадики, ушбу ҳаракат шунчаки ҳарбий босқин эмас, балки этник тозалаш эди. Қуролсиз аҳоли ваҳшийларча қийноққа солинади, кўплаб инсонлар тириклайин ёқиб юборилади. Ҳатто Хўжали қурбонларининг жасадлари бугунгача тўлиқ топилмагани ва ҳар йили улар ҳақида янги тафсилотлар очилаётгани бу қирғиннинг кўлами нақадар кенг эканини намоён қилади.

Ўша мудҳиш кечада 613 тинч озарбайжонлик аҳоли, жумладан, 63 нафар бола, 106 нафар аёл, 70 нафар кексалар қатл қилинади. 8 та оила бутунлай йўқ қилиниб, 25 бола ҳар икки ота-онасини, 130 бола эса бирини йўқотди. Қолаверса, 76 нафар бола, жами 487 киши яраланди. 1275 киши асирга олинади, 150 киши, жумладан, 68 аёл ва 26 боланинг тақдири ҳозиргача номаълум.

Арман миллатчи кучларининг мақсади ҳудудни озарбайжонликлардан бутунлай “тозалаш” эди. Хўжалида амалга оширилган ваҳшийликлар (қийноқлар, аёллар ва болаларни ўлдириш) бошқа озарбайжон аҳоли пунктларини қўрқитиш ва уларни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилиш учун қилинган. Бу “даҳшат орқали ҳайдаш” тактикаси эди.

Қолаверса, арман идеологлари “Денгиздан денгизгача Буюк Арманистон” (шарқда Каспий денгизи, шимоли-ғарбда Қора денгиз, жануби-ғарбда Ўрта ер денгизи) яратиш йўлида Озарбайжон тупроқларини босиб олишни тарихий миссия деб билишган. Хўжали бу йўлдаги энг катта тўсиқлардан бири ҳисобланган.

Ҳозирда дунёнинг 15 дан ортиқ мамлакати ва АҚШнинг 22 штати Хўжали қирғинини тан олган. Озарбайжонликлар ҳар йили февраль ойида “Хўжалига адолат” кампанияси доирасида бу жиноят айбдорларини халқаро суд жавобгарлигига тортишни талаб қилиб келади.

Мамлакат Президенти Илҳом Алиев Хўжали фожиаси “арман миллатчиларининг узоқ йиллик этник тозалаш сиёсатининг энг чўққиси” эканини таъкидлаб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев геноцид Хўжали Арманистон Қорабоғ Хўжали фожиаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг